Ўзбекистон очиқ маълумотлар бўйича Марказий Осиёда биринчи ўринда

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. Жумладан, “Расмий статистика соҳасида давлат бошқаруви тизими такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.
Қонун лойиҳаси расмий статистика соҳасида маъмурий ислоҳотларни самарали амалга ошириш доирасида статистика органларининг фаолиятини такомиллаштириш ҳамда расмий статистикадан фойдаланувчилар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган.
— Кейинги йилларда мамлакатимизда статистика маълумотлари сифатини янада яхшилаш, статистика кўрсаткичларининг тўлақонли маълумот базаларини яратиш, уларни халқаро стандартларга мослаштириш, ижтимоий-иқтисодий ва демографик соҳаларда статистиканинг замонавий усулларини жорий этиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, — деди фракция аъзоси Наврўз Юсупов. — Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси ташкил этилди. 2021 йилда “Расмий статистика тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ўтган давр мобайнида вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этиладиган расмий ҳисоботлар 110 тадан 64 тага туширилди, статистик маълумотлар рақамлаштирилди.

Расмий статистиканинг асосий принципларига таянган ҳолда халқаро ташкилотларга маълумотлар тақдим этиб борилиши натижасида халқаро даражада бир қатор ютуқларга эришилди. Жумладан, Ўзбекистон очиқ маълумотлар бўйича халқаро “Open Data Inventory” (ODIN) рейтингида 2024 йил натижаларига кўра, 198 та мамлакат орасида 12-ўринга кўтарилди, Марказий Осиёда эса биринчи ўринни сақлаб келмоқда. Шунингдек, Жаҳон банкининг 2024 йилда эълон қилинган “Статистика фаолияти самарадорлиги индекси” (SPI)да 2023 йил якунлари бўйича Ўзбекистон 217 мамлакат орасида 62-ўринни эгаллаган.

Эндиликда ушбу қонун лойиҳаси билан бир қатор қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, расмий статистика соҳасида маъмурий ислоҳотларни самарали амалга ошириш доирасида статистика органларининг фаолиятини такомиллаштириш ҳамда расмий статистикадан фойдаланувчилар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш кўзда тутилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши миллий статистика тизими фаолиятини тартибга солиш, расмий статистиканинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, мамлакатнинг халқаро миқёсдаги нуфузини янада оширишга хизмат қилади, — деди депутат Наврўз Юсупов
Қизғин муҳокама ва савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА