Наслли қорамоллардан яхши натижаларга эришиш кутилмоқда

167

Республикамизда чорвачилик тармоғини қўллаб-қувватлаш, чорва наслининг тозалиги, етиштирилган маҳсулот сифати ва миқдорини яхшилашда бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 8 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларини ривожлантириш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган дастурни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, соҳада кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Республикамизда чорвачиликни ривожлантириш ва соҳани замон талаблари асосида такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар асосан аҳолини арзон гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлашга эришиш ҳисобланади.

Ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар доирасида Хўжайли туманида «In vitro» усулида қорамол эмбрионини тайёрлаш лабораторияси ташкил этилди. Жаҳон банкининг 135,6 минг доллар грант маблағлари асосида ташкил этилган лабораторияда қорамолларни сунъий кўпайтиришнинг замонавий усули олиб борилади.

Ушбу лойиҳа Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамда наслчилик илмий маркази томонидан амалга оширилмоқда. Биз ушбу илмий марказнинг бўлим бошлиғи Рустем Айтжанов билан олиб борилаётган ишлар атрофида суҳбатлашган эдик. У ҳозирда Хўжайли туманида «In vitro» усулида қорамол эмбрионини тайёрлаш лабораториясида иш олиб бормоқда.

– Лаборатория 2017 йилда ўз фаолиятини бошлаган бўлса, ўтган 2024 йилда Президентимиз ташаббуси билан республикамизда наслчиликни ривожлантириш борасида янги қадамлар қўйилди. Бу Осиёда ягона амалга оширилаётган улкан лойиҳадир. Жорий йил бошидан бошлаб Ветеринария ва Чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг грант маблағлари асосида Германия, Россия, АҚШ, Хитой давлатларидан лаборатория учун асбоб-ускуналар олиб келинди. Замонавий асбоб-ускуналар асосида иш бошлаш арафасидамиз. Корхонамизда 15 киши доимий иш билан банд. Ишлар режа асосида босқичма-босқич йўлга қўйилади.

-Чорвачиликдаги эмбрион трансплантацияси ҳақида тушунча бериб ўтсангиз.

Эмбрионлар трансплантацияси – наслчилик технологияларининг сунъий уруғлантириш билан боғлиқ бўлган, қорамолларни бир нечта авлодлар давомида етиштиришдаги селекция жараёнининг тизимли биотехнология усули. Қорамол селекциясида юқори маҳсулдор рекордчи сигирлардан ва юқори наслли буқалардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ насл олишнинг асосий шарти ҳисобланади. Бироқ, наслчиликда селекция фарқининг ортиб боришига боғлиқ равишда танланадиган она ҳайвонлар сони камайиб боради, шунингдек, одатдаги усулларда улардан насл олиш кам миқдорни ташкил этади. Қорамоллар эмбрионининг трансплантация ҳайвонларнинг наслий ва маҳсулдорлик сифатларини яхшилашнинг илғор усулларидан биридир. Унинг ёрдамида энг яхши сигирлардан (донор) авлод олишни уларнинг эмбрионини ирсий қиймати пастроқ молларга (реципиентларга) кўчириб ўтказиш орқали бир неча баробар ошириш ва қисқа муддатларда юқори сифатли наслчилик подаларини яратиш имконияти яратилади. Эмбрионлар трансплантацияси сунъий уруғлантиришга нисбатан 5-7 баробар, тирик мол импортига нисбатан эса 30-40% арзон ҳолда сут ва гўшт чорвачилигида насл ядросини яратиш имконини беради.

Эмбрион трансплантацияси биринчи марта 1890 йилнинг апрель ойида Буюк Британия олими Валтер Хип томонидан қуёнларда амалга оширилган бўлиб, бу усулни лаборатория шароитидан ишлаб чиқаришга жорий этиш 1950 йилда Собиқ Иттифоқнинг А.В.Кваснитский томонидан трансплантация қилинган чўчқа эмбриони билан бошланган ва ундан бир йил ўтгач Д.Роусон (Кембриж, Англия) томонидан трансплантат бузоқлар олинишига эришилган.

Мамлакатимизда чорвачиликнинг тармоқ сифатида ривожланиш тарихининг боғлиқлигидан келиб чиққан ҳолда эса МДҲ ҳудудида қорамоллар эмбриони трансплантацияси 1975 йилда бошланган бўлиб, биринчи трансплантант бузоқлар 1977 йилда олинган.

Сўнгги йилларда эса эмбрион трансплантациясининг аҳамияти селекция-наслчилик ишларига геном селекциясининг киритилишига боғлиқ ҳолда янада ортмоқда. Чунки унинг самарадорлиги танлаб олинган сигир наслининг сонига бевосита боғлиқ. Авлодлар сони қанча кўп бўлса, юқори селекция индексига эга лидерлар чиқиш эҳтимоли шунча кўп бўлади. Шу сабабли, чорвачилик юксак ривожланган Европа ва Америкада насл олишда асосан эмбрионларни кўчириб ўтказиш усули кенг қўлланилмоқда.

– Наслли қорамолларни боқиш бошқа қорамолларга қараганда алоҳида парвариш эътиборни талаб этади. Рациони, кунлик овқатланиш меъёри ҳам алоҳида бўлади. Шунингдек, уларнинг иқлимга мослашуви қандай бўлади?

– Дарҳақиқат наслли қорамолларни парваришлаш маҳаллий қорамолларга қараганда бошқача бўлади. Иқлим шароитига мослаштириш осон эмас, шу боис илмий ўрганиб чиққан ҳолда чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Қандай бўлганда бизнинг шароитимизга мослашади, қандай бўлганда ҳосилдорлиги яхши бўлади деган масалалар ўрганилмоқда. Шунингдек, уларни ўт-хашак билан таъминлашда корхонамиз учун ажратилган Хўжайли тумани Амударё ОФЙ да ўт-хашакларни тайёрлаш базамизда ўт-хашакларни экиб тайёрлаб етиштириб келмоқдамиз. Корхонамиз 2017 йилдан бошлаб ўз фаолиятини бошлаган бўлса, ўша вақтда 5 бош қорамол билан бошлаган бўлсак, бугунги кунда бош сони йигирмадан ошди. Етти турдаги зотли қорамоллар бор. Пародали молларнинг бир-биридан фарқи бўлиб, улар районлаштирилган пародалар, яъни гўшт б гўшт йўналишидаги пародаларимиз масалан шимолий туманларга кетадиган бўлса, сут йўналишидаги пародаларимиз жанубий туманларга кетади. Шунингдек, гўшт-сут берадиган аралаш турдаги пародалар ҳам бор. Фаолиятимизнинг асосий мақсади ушбу қорамоллардан лабораторияда «Ин-витро» усулида эмбрион тайёрлаш ҳамда чорвачиликка наслли материалларни етказиб бериш ҳисобланади. Бунга талаб юқори. Сабаби, шу кунгача наслли қорамоллар чет эллардан анча қиммат валютага олиб келинган бўлса, шу ишлар йўлга тушиб кетса бизлар маҳаллий ҳайвонга эмбрионни кўчириб ўтказиш йўли билан биринчи авлоднинг ўзида наслли генетик имконияти юқори бўлган ҳайвонларни етказиб бериш имкониятига эга бўламиз. Бу демак аҳолининг гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш йўлида катта қадам деб ҳисоблаймиз.

-Рустам сиз бу ерда иш қилишингиз билан бирга илмий ишларингизни ҳам олиб боряпсиз экан. Лабораторияда олиб борилаётган илмий ишлар асосида қандай натижаларни кутсак бўлади?

– Ҳақиқатан ҳам  Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетининг Нукус филиали 1-курс таянч докторантиман. Илмий фаолиятимни ҳам шу ерда амалга оширяпман. Яъни, «Қорақалпоғистон Республикаси шароитида маҳаллий молларнинг гўшт маҳсулдорлигини оширишда лимузин наслли буқалардан фойдаланиш самарадорлиги» номли илмий ишимни олиб боряпман. Олиб борилаётган ишлар натижасида сунъий уруғлантириш усулида биринчи авлодда 0,25 фоиз, иккинчи авлодда 0,50, учинчида 0,75, тўртинчида 0,87,5 бўладиган бўлса, бешинчи авлодга қараб беш авлоддан кейин ўзимизга маҳаллий шароитга мослашган наслли зотларни оладиган бўлсак, эмбрион кўчириб ўтказишда биринчи авлодда наслли молларни олиш имкониятига эга бўламиз. Бу катта ютуқ, чорвачиликда генетиканинг чўққиси, десак бўлади. Бу олдинга қараб бирдан етти, саккиз қадамни ташлаш деганни билдиради. Бу бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда. Яқин орада катта натижаларга эришамиз деган умиддамиз. Бунинг учун барча шароитларни яратиб бераётган мамлакат раҳбарларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Суҳбатлашган Гулнора Турдишова,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги