Янги тартиб-қоидаларнинг афзалликлари тушунтирилди

Қонликўл туманида фаолият юритаётган кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан Қорақалпоғистон Республикаси Солиқ бошқармаси бошлиғи ва мутахассисларининг учрашуви ўтказилди.
Унда давлатимиз раҳбари томонидан кичик ва ўрта бизнес вакилларининг соҳанинг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш ва ривожини янги босқичга олиб чиқиш масалаларига бағишланган учрашувида белгиланган мақсад ва вазифалар ҳақида маълумотлар берилди.

Мақсад – тадбиркорлар муаммоларини самарали ҳал этиш, жойлардаги ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятининг барқарорлигини таъминлаш, уларнинг фаолиятини кенгайтириш ва шу орқали қўшимча иш ўринлари яратишдир.
Учрашувда тадбиркорлардан имтиёзлардан фойдаланиш, ҚҚСни қайтариш ва солиқ ҳисоботларини топширишга оид мурожаатлар келиб тушди ва шу ернинг ўзида ижобий ечимини топди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда Қонликўл туманида 1313 (шундан, 813 микрофирма, 27 кичик корхона, 473 якка тадбиркор) кичик ва ўрта бизнес вакиллари тадбиркорлик билан шуғулланмоқда.
Бюджет даромадларига 2024 йил учун белгиланган 4,8 млрд. сўм прогноз кўрсаткичи йил якуни билан 9,5 млрд. сўмга (108,2%) бажарилиб, бюджетга қўшимча 0,7 млрд. сўм тушум таъминланди ёки 2023 йилга нисбатан 112 фоизга, яъни 1,0 млрд. сўмга ўсиш бўлди. Туманда кичик ва ўрта бизнес вакиллари томонидан 2024 йилда 70,1 млрд. сўм солиқ тўлаб, бюджетга жами тушумдаги улуши 54,4 фоизни ташкил этди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси, Президентимизнинг тегишли қарор ва фармонларига мувофиқ ҳамда бошқа солиқ қонунчилиги ҳужжатларига асосан, Қонликўл туманида 2023 йил давомида 547 кичик ва ўрта бизнес вакиллари томонидан 19,0 млрд. сўм солиқ имтиёзлари қўлланилган бўлса, 2024 йил давомида 739 кичик ва ўрта бизнес вакиллари томонидан 38,4 млрд. сўм солиқ имтиёзлари қўлланилиб, бу кўрсаткич 102,0 фоизга ошди.
Ушбу маблағлар тадбиркорлар ихтиёрида қолдирилиши натижасида улар томонидан тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтиришга имконият яратилиб, ишчилар сони ортишига ва шу орқали бандликка кўмаклашишга замин яратилмоқда.

Бунинг яққол далили сифатида туманда товар (хизматлар) реализация ҳажми 6,2 млрд. сўмга (1,2%), ишчилар сони 1,1 мингга (16,6%) ошганини таъкидлашимиз мумкин.
Президентимизнинг шу йил 19 март кунги ПФ-50 сонли фармони билан 2025 йил 1 майдан бошлаб «ўзини ўзи банд қилган фуқаро – якка тартибдаги тадбиркор – кичик бизнес – ўрта бизнес – йирик корхона» занжири асосида тадбиркорлик субъектларининг йириклашувини рағбатлантириш бўйича механизмлар жорий этилганини ҳам таъкидлашимиз керак. Яъни, ўзини ўзи банд қилган фуқаролар якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганда давлат божи ундирилмайди. Ўз фаолиятини якка тартибдаги тадбиркор, микрофирма ёки кичик корхона тоифасигача йириклаштириб, ўзини ўзи банд қилган фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида 50 миллион сўмгача, кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш комплекс дастури доирасида 150 миллион сўмгача гаровсиз кредитлар берилади. Ўз фаолиятини ўрта ёки йирик бизнес тоифасигача йириклаштирган тадбиркорлик субъектларига эса бир йил давомида қўшилган қиймат солиғи суммасининг ўрнини қоплаш (қайтариш) етти кун муддатда тезлаштирилган тартибда амалга оширилади.

Бу ўзгаришлар, албатта, юртимизда тадбиркорлар сони кўпайиб, янги иш ўринлари яратилишига ва иқтисодиётимиз ривожига замин яратади.
Тадбирда солиқ маъмурчилигига амал қилиб юқори натижаларга эришиб келаётган бир гуруҳ солиқ тўловчиларга миннатдорлик билдирилиб, эсдалик совғалари топширилди.

А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.