Тиббиёт таълими ва амалиётини жадаллаштиришда яна бир муҳим қадам

Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиалидаги симуляцион ўқув марказида тиббий хизмат кўрсатишнинг сифатини ошириш, ёш мутахассисларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш мақсадида навбатдаги ўқув-таълим машғулотлари ташкил этилди.
Мастер-классда реаниматолог ва хирургия йўналишидаги тажрибали шифокорлар иштирок этди. Улар клиник ординаторлар учун юрак-ўпка реанимацияси, хавфли ҳолатларда тезкор ва тўғри ҳаракат қилиш, замонавий тиббий ускуналарни самарали қўллаш каби масалаларда амалий машғулотлар ўтказди.

Симуляцион марказнинг юқори технологиялар билан жиҳозланган муҳитида иштирокчилар ўз билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлишди. Замонавий симуляторлар орқали ҳаётга хавф солувчи ҳолатларда қандай ҳаракат қилиш, беморга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ва шошилинч реанимация жараёнлари амалда намойиш этилди.
Клиник ординаторлар мастер-класс давомида фақат назарий билимларни эмас, балки амалиётга яқинлашган муҳитда реал вазиятлар орқали тажриба алмашдилар. Бу эса уларнинг келгусидаги касбий фаолиятида тайёргарлик даражасини оширишга хизмат қилади.

Машғулот давомида, юрак-ўпка реанимациясининг барча босқичлари тўлиқ намойиш этилди, симуляторлар орқали бемор ҳолатига тезкор ва тўғри ёндашув кўрсатилди ва реал тиббий ускуналар ёрдамида замонавий технологиялардан фойдаланиш усуллари ўргатилди.
Тадбирнинг асосий мақсади – ёш мутахассисларнинг амалиётга яқин кўникмаларини ривожлантириш, уларни реал тиббий ҳолатларга тайёрлаш ҳамда жамоавий ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат. Бу каби тадбирлар орқали ёш мутахассислар нафақат билим, балки малакали амалиётчи бўлиш йўлида муҳим қадам ташлашади.


Тадбир давомида иштирокчилар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.