Ўзбекистон-Грузия: солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш йўналишида ҳамкорлик кучаймоқда

Яқинда иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ишчи ташриф билан Грузия Республикасида бўлди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.
Ташриф доирасида бюджет-солиқ ва божхона сиёсати ҳамда маъмурчилигига оид бир қатор учрашувлар ва музокаралар ўтказилди.
Делегация аъзолари Грузия Молия вазири ўринбосарлари Мамука Бараташвили ва Екатерине Гунсадзе, шунингдек, Грузия Даромадлар хизмати директорининг биринчи ўринбосари Паата Киладзе билан учрашди. Суҳбатлар чоғида Грузияда амалга оширилган солиқ ва божхона соҳаларидаги ислоҳотлар, ўрта ва узоқ муддатли стратегиялар, уларнинг самарадорлиги ҳамда эришилган натижалар юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, солиқ ва божхона имтиёзларини баҳолаш услублари, рақамли технологияларни жорий этиш, қўшилган қиймат солиғи тизимини такомиллаштириш, хавфларга асосланган назорат ва аудит усулларини татбиқ этиш, шунингдек, бюджет-солиқ тушумлари учун ягона ғазна ҳисобварақини жорий этиш масалаларида Грузия тажрибаси ўрганилди. Мазкур масалалар бўйича Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таққослама таҳлиллар ҳам ўтказилди.
Бундан ташқари, делегация Грузия божхона органлари билан учрашувлар ўтказиб, божхона маъмурчилигидаги сўнгги ислоҳотлар, рақамлаштириш жараёнлари, чегара назорати, автотранспорт воситаларини расмийлаштириш, хавфларни бошқариш ҳамда мақсадли текширувларни амалга ошириш тизимлари бўйича тажриба алмашди.
Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси “Садахло” чегара божхона пости ва “Тбилиси” божхона расмийлаштирув зонаси фаолияти билан яқиндан танишди.
Ташриф якунларига кўра, Грузия Молия вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари ўртасида бюджет-солиқ сиёсатини белгилаш, макроиқтисодий прогнозларни амалга ошириш, тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш ҳамда солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича келишувга эришилди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА