Нукуслик қиз Германияда фахрли ўринни эгаллади

229

Германиянинг Бонн шаҳрида мактаб ўқувчилари ўртасида European Girls’ Olympiad in Informatics (ЭГОИ) мусобақаси бўлиб ўтди. Дунёнинг 55 давлатидан 300 нафарга яқин ўқувчилар иштирок этган ушбу мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси ҳам муносиб иштирок этиб, бир қатор совринли ўринларни эгаллашга муваффақ бўлди.

Қувонарлиси шундаки, терма жамоа таркибида Нукус шаҳридаги 1-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 9-синф ўқувчиси Малика Хўжамуратова ҳам иштирок этиб, бронза медалини қўлга киритишга муваффақ бўлди.

– Ўқувчимиз Малика Хўжамуратованинг бу ютуғи бутун Қорақалпоғистон ва Ўзбекистон ёшларининг ютуғи бўлди, – дейди ушбу мактаб директори Марат Иброҳимов.- Маликадай қобилиятли, меҳнатсевар, интилувчан ёшларнинг бундай ютуғи ҳаммамизга фахр бағишлаб, ўқувчиларимизни олдинга интилади.

Шуни айтиб ўтишимиз керакки, Малика Хўжамуратова Тошкентда School 21 кампусида ўтказилган ICT4Girls олимпиадасининг Республика босқичида 1-ўринни эгаллаган бўлса, шу йилнинг 11-17 апрель кунлари Косово Республикасида Европа қизлар математика олимпиадасида ҳам бронза медалини қўлга киритган эди.

У Қорақалпоғистон Республикаси Олий Кенгашининг Раиси Аманбай Оринбаев томонидан «Умид учқуни» кўкрак нишони билан тақдирланди.

Билимли ва изланувчан ўқувчи Малика Хўжамуратовани устозлари Зарафшон Абдирашитова, Руслан Турумбоев ва Наргиза Утениязовалар тайёрлади.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.