Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Кенгашининг ҳисобот-сайлов VIII конференцияси бўлиб ўтди

203

Нукус шаҳридаги «Оққуш» мажмуасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Кенгашининг ҳисобот-сайлов VIII конференцияси бўлиб ўтди.

Конференцияда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Кенгашининг 2020-2025 йиллардаги ишлари тўғрисидаги ҳисоботи тингланди ва касаба уюшма ташкилотларининг келгусидаги вазифалари белгилаб олинди.

Конференцияда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбаев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қ.Рафиқов, қатор вазирлик ва идоралар вакиллари, конференция делегатлари иштирок этди.

Таъкидланганидек, бугунги VIII Конференция Ўзбекистон касаба уюшмалари ташкил этилганининг 120 йиллик юбилей йилида ўтказилмоқда. 120 йил – бу жуда муҳим сана, шунингдек, бу ютуқ ва муваффақиятларни муҳокама қилиш, қилинган ишлар натижаларини баҳолаш ва келгуси вазифаларни белгилаб олиш имконини берадиган яхши сабабдир.

Ўзбекистон касаба уюшмаларининг тарихий йўли ўз ичига меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, касаба уюшма аъзолигига жалб этиш ва уни сақлаб қолиш, ижтимоий шериклар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, жамоа шартномалари орқали касаба уюшмалари аъзоларининг меҳнат манфаатлари ва ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда кейинги йилларда ҳатто суд орқали ҳимоя қилиш ишларини ҳам қамраб олди.

Айниқса, Президентимизнинг 2020 йилда Ўзбекистон касаба уюшмаларининг VIII Қурултойига йўллаган табриги ва Қурултой ўтказилаётган сана – 11 ноябрни «Касаба уюшмалари куни» сифатида нишонлаш таклифи бергани Ўзбекистон касаба уюшмалари тарихида алоҳида ўрин тутади.

Ўтган ҳисобот даври мобайнида касаба уюшмалари республикамиздаги энг йирик фуқаролик жамияти институтларидан бири сифатида ушбу йўналишда ижтимоий шериклик тамойиллари асосида фаолият юритиб, катта ютуқларга эришгани, шу билан бирга, касаба уюшмалари ҳукуматимизнинг энг яқин ҳамкори ва ишончли шериги сифатида меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ишларида катта ҳисса қўшиб келаётганлиги таъкидланди.

Хусусан, ўтган йилларда белгиланган давлат дастурлари ижросини таъминлаш мақсадида ва қабул қилинган чора-тадбирлар асосида ишловчилар ва уларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар, ёшлар, шунингдек, алоҳида ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонлар, шу жумладан ногиронлар, кексалар, вояга етмаганлар, пенсионерлар, байналмилалчи-жангчилар, Чернобил ҳалокати қатнашчиларини ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш бўйича ишлар кучайтирилди. Ўтган беш йил ичида ушбу тоифадаги 60833 кишига меҳнат жамоаларида қабул қилинган жамоавий шартномалар орқали 20 млрд. 131 млн. 885 минг 70 сўм миқдорида ёрдам кўрсатилди.

Қорақалпоғистонда меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этиш ижтимоий шерикликнинг механизмлари бўлган – ҳукумат, касаба уюшмалари ва савдо-саноат бошқармаси ўртасида Ҳудудий жамоа келишуви, 8 та соҳавий жамоа келишувлари, 17 та жамоа келишувлари ва 7480 та жамоа шартномалари қабул қилинди.

Ҳисобот даврида касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан иш ҳақи, пенсия, стипендия, мажбурий ва компенсация тўловларининг ўз вақтида тўланишини амалга ошириш бўйича ўтказилган мониторинг таҳлили иш ҳақидан қарздорликни бартараф этиш масалалари бўйича иш берувчиларга 11 марта, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига 4 марта расмий талабномалар қўйилди ва натижада 21 млрд. 959 млн. сўмдан ортиқ муддати ўтган қарздорликлар ундирилди.

Ўтган ҳисобот давридан бошлаб бугунги кунга қадар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон Кенгашига юридик ва жисмоний шахслардан жами 2541 мурожаат келиб тушди. Бу ўтган ҳисобот даври билан таққослаганда қарийб 50 фоизга кўпайганидан далолат беради. Ҳисобот даврида 729 та мурожаат касаба уюшмаларининг таклифлари ва судларда кўриб чиқилиши билан тўлиқ қаноатлантирилди. 1680 та мурожаат эгасига меҳнат ҳуқуқлари бўйича тушунтиришлар берилди. 61 та мурожаат тегишлилиги бўйича бошқа ваколатли органларга юборилди.

Касаба уюшмалари томонидан ўтган йилларда қатор акциялар ўтказилиб, республикамизда жойлашган болалар меҳрибонлик уйлари, ногиронлар уйлари, ҳарбий қисмлар, мактаб-интернат тарбияланувчилари, ёлғиз кексалар, кам таъминланган оилалар, етим ўқувчилар, уруш қатнашчилари ва ногиронларга ҳомийлик-мурувват ёрдами кўрсатилди.

Конференцияда Бирлашма Кенгашининг Тафтиш комиссиясининг ҳисоботи тингланди ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Кенгашининг ҳисобот давридаги ишлари қониқарли деб топилди ва олдаги вазифалари белгилаб олинди.

Мажлис якунида, делегат яширин овоз бериш йўли билан Қорақалпоғистон Кенгаши раиси ва унинг ўринбосарини сайлади.

Сайлов натижаларига кўра, Қорақалпоғистон Кенгаши раиси лавозимига Улуғбек Жалменов ва унинг ўринбосари лавозимига Муратбой Данияров ҳамда ижроия қўмитаси, тафтиш комиссияси аъзолари ва раиси сайланди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг IX Қурултойига делегатлар сайлади ва Бош кенгаш таркиби вакилларини ҳам тасдиқлади.

 

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.

М.Ҳабибуллаев олган суратлар