Ноқонуний қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни тан олиш қандай амалга оширилмоқда?

126

Кадастр агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида матбуот анжумани ўтказилди. Унда Кадастр агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари П.Сейтмуратов ва Давлат кадастрлари палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари Г.Турдибоевлар соҳада 2025 йил 6 ой давомида амалга оширилган ишлар ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 5 август кунги «Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни тан олиш тўғрисида»ги қонунига мувофиқ амалга оширилаётган ишлар ҳақида кенг маълумот берди.

Таъкидланганидек, ушбу қонунга асосан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг сессия қарорлари билан ўзбошимчалик билан қурилган бир қатор уй-жойларга ҳамда ортиқча эгалланган ер майдонларида қурилган иншоот ва иморатларга, жами 291 нафар фуқаронинг уй-жойларига ҳамда ер участкаларига ижара ва мулк ҳуқуқлари эътироф этилди.

Ҳозирги кунда бу борадаги ишлар давом эттирилиб, кадастр мутахассислари томонидан 40 минг 974 та кўчмас мулк бинолари хатловдан ўтказилиб, 14 минг 274 та объект E’TIROF ахборот тизимига киритилди. 12 минг 250 та объект ҳозирда муҳокамада, 1069 та объект ҳақидаги маълумотлар kadastr.uz сайтида ва маҳалла фуқаролар йиғинларида эълон қилинди. 287 та объект Адлия органлари томонидан ўрганилмоқда, 228 та кўчмас мулк қайта кўриб чиқилмоқда, 119 та объект эгаларининг қонунда кўрсатилган бир марталик тўловларини тўлаши кутилмоқда ва 10 та кўчмас мулк бўйича материаллар ҳуқуқларни тан олиш учун маҳаллий кенгашларга тақдим этилган.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида 2009 ҳолатда, жами 136 гектар ер майдони ноқонуний эгаллангани аниқланди. Хусусан, ўтган олти ой давомида ноқонуний эгалланган ҳолатлардан 1121 таси, яъни 52 гектар ер майдони ўз ҳолига қайтарилди. Шунингдек, 675 та ҳолатда 39,2 гектар ер майдони бўйича судларга даъво аризалари киритилди. Бундан ташқари, 44 та ҳолат бўйича тегишли ҳужжатлар Прокуратура органларига тақдим этилди. Қолган ҳолатлар бўйича ваколатли органлар билан ҳамкорликда ҳуқуқий чоралар давом эттирилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида 2025 йилнинг ўтган 6 ойи давомида Давлат кадастрлари палатаси бошқармаси ва унинг ҳудудий филиаллари томонидан 31 минг 303 та ер участкаси ва кўчмас мулкка кадастр паспорти тайёрлаб берилди. Қорақалпоғистондаги 49 минг 443 та ер участкаси ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилди.

Шунингдек, ҳозирги вақтда Қорақалпоғистон Республикасида жами 476 минг 165 та кадастр ҳужжатлари архивларда сақланмоқда. Шундан, 474 минг 152 та ҳужжат электрон форматга ўтказилди.

Жорий йилда Тўрткўл, Беруний, Элликқалъа туманларида ҳам замонавий мобил стеллажлар ўрнатилиб, Нукус шаҳри, Мўйноқ, Қўнғирот, Элликқалъа туманларида архив кадастр ҳужжатларини рақамлар бўйича қайта тартибга солиш ишларини амалга ошириш режалаштирилмоқда.

2025 йилнинг 6 ойи давомида тадбиркорлик ва шаҳарсозлик ишларини амалга ошириш учун, жами 2754 та ер участкаси дастурга киритилди. Шундан, 408 та ер майдони (29,97 гектарлик ер участкаси) сотувга қўйилиб, 90 та ер участкаси сотилди. Якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун ажратилган ер участкаларидан, жами 417 та ер участкаси дастурга киритилиб, шундан 45 таси аукционга қўйилди ва 28 та ер участкаси сотилди.

Матбуот анжуманида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.