Ижодий сафар, катта янгиликлар ва имкониятлар

214

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри жамоасининг Грузиянинг Чохатаури шаҳрига ижодий сафари доирасида Нино Рамишвили Маданият саройида грузин ёзувчиси Нодар Думбадзе қаламига мансуб, режиссёр М.Реймов саҳналаштирган «Мен, кампир опам, Илико ва Илларион» номли романтик комедияни грузин томошабинларига тақдим этди, – деб хабар беради мазкур театрнинг ахборот хизмати.

Спектаклдан сўнг томошабинлар театр жамоасига ўзларининг ижобий фикрларини билдирди. Ушбу саҳна асари актёрлар учун тажриба алмашиш имкониятини ҳам яратди. Бундай ижодий учрашувлар Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш билан бирга, санъаткорлар учун профессионал ўсиш ва янги саҳнавий изланишларга йўл очади.

Грузиядаги ижодий сафардан унутилмас лаҳзалар, маданий алоқалар, янги саҳна, янги томошабин – барчаси актёрларимизга илҳом бағишлади. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Н.Думбадзе айнан Чохатаури шаҳрида туғилган бўлиб, унинг болалик хотиралари, халқона образлар ва ҳазил аралаш ижод намуналари асарларида чуқур ёритилган.

Эътиборлиси, ушбу бадиий сафар халқаро журналистлар эътиборидан ҳам четда қолмади. «Дунё янгиликлари» рукнида ёритилган материалларда спектакль юқори баҳоланди. Театр директори П.Мамутов, бош режиссёр М.Реймов ва актёрлар билан интервьюлар ўтказилиб, қорақалпоқ саҳна санъати ҳақида алоҳида репортажлар тайёрланди.

Ташриф давомида Грузиядаги Александр Цуцунава номидаги Озургети давлат профессионал драма театри директори ва бадиий етакчиси Васил Чигогидзе ва Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри директори П.Мамутов ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ушбу келишув икки театр ўртасидаги ижодий алоқаларни мустаҳкамлаш, маданий тажриба алмашишни йўлга қўйиш ҳамда санъат соҳасида янги лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга хизмат қилади. Меморандум доирасида спектаклларни алмашиш, саҳна санъати усталари ўртасида маҳорат дарслари ўтказиш, мусиқий-драматик асарларни саҳналаштиришда қўшма ташаббусларни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Ушбу ташаббус икки халқ ўртасидаги дўстона муносабатлар ва маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Грузия сафари театримиз учун юксак даражада муваффақиятли якунланди. Ушбу халқаро фестиваль нафақат ижодий ташриф, балки улкан янгиликлар ва имкониятлар билан ёдда қолди. Фестиваль давомида турли давлатлар театрлари билан алоқалар ўрнатилди. Энг қувонарлиси – 30 га яқин театрлар ичидан бизнинг театр «Фестивалнинг махсус мукофоти» билан тақдирланди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.