Нукус шаҳрида «Ишбилармон аёл» кўрик-танлови бўлиб ўтди

ЎзЛиДеП Нукус шаҳар Кенгаши бугун ўз сафида 5 200 дан зиёд хотин-қизни бирлаштирган. Ўтган давр мобайнида Кенгаш томонидан хотин-қизларнинг иқтисодий, ҳуқуқий билимларини ошириш, қайта касбга йўналтириш, иш билан таъминлаш ва оилавий корхоналарини ташкил этиш борасида қатор хайрли ишлар амалга оширилди.

“Янги Ўзбекистоннинг бунёдкор аёллари” шиори остида “Ишбилармон аёл – 2025” кўрик-танловининг навбатдаги шаҳар босқичи Нукус шаҳридаги 20 та маҳалла фуқаролар йиғинларида ўтказилган танловнинг маҳалла босқичи ғолиблигини қўлга киритган ишбилармон аёллар ўртасида ўтказилди. Унда Халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгаши депутати Ырысты Қуттымуратова, Нукус шаҳар оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Разия Қурбанова, Ўзбекистон Савдо-саноат Палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жамила Егамбергенова ҳамда Қорақалпоғистон Фермерлар Кенгаши ходими Гулжахан Айназарова ва партия фаоллари иштирок этди.

Кўрик-танлов доирасида мамлакатимиз тараққиёти ва халқ фаровонлиги йўлида фаол иштирок этаётган шижоатли, изланувчан, ташаббускор салоҳиятли тадбиркор, фермер ва ишбилармон аёллар раҳбарлигидаги корхоналар маҳсулотлари, хизмат кўрсатиш шаҳобчалар фаолиятини ёритиб берувчи кўргазма тақдимоти ҳам ўтказилди.
Мазкур кўрик-танловни ўтказишдан асосий мақсад – мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, сиёсий жараёнларнинг мазмун-моҳиятини аёллар ўртасида кенгроқ тарғиб қилиш, иқтисодиётимизни юксалтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган хотин-қизларимизни рағбатлантириш. Шу билан бирга, тадбир жараёнида ҳудудларда хотин-қизлар ўртасида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, мамлакат иқтисодиётида улар иштирокидаги хусусий сектор улуши ва аҳамиятини ошириш, жамиятда хотин-қизлар тадбиркорлигини янги босқичга олиб чиқиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, касбий маҳорат ва билим даражасини юксалтириш учун зарурий шарт-шароит яратишдан иборат.

– Кўрик-танловнинг туман-шаҳар босқичлари иштирокчилари сони йил сайин кўпайиб бормоқда, – дейди O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши аёллар муаммоларини ўрганиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўлими мудири Шахзада Абдираманова. –Энг қувонарлиси ўлар ўртасида ёш тадбиркор қизларимиз ҳам бор. Мана бу йил ҳам ўнга яқини иштирок этяпти. Баҳолаш жараёнида кўп тармоқли ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва доимий иш ўринлари яратишдаги фаоллиги, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ташаббуслар эътиборга олинди. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами бўлган ногиронлар, қаровчисиз кексалар, кам таъминланган оилаларга моддий, маънавий жиҳатдан ғамхўрлик қилган, тадбиркорлик ва фермерлик фаолиятини ривожлантириш мақсадида янги инновацион лойиҳалардан самарали фойдаланган ҳолда “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” га киритилган фуқароларни иш билан таъминлаган ишбилармон аёллар танлаб олинди.

Кўрик-танлов натижаларига кўра, якка тадбиркор Улбосын Жумамуратова 1- ўринни, «Nukus catering» корхонаси бошлиғи Камар Изимбетова 2-ўринни, «Leyla collectionn» миллий киймлар бренди асосчиси, ёш тадбиркор Лейла Доспанова 3-ўринни эгаллади. Ҳар бир иштирокчи кўрик-танловда ўзининг амалий тажрибаси, яратган ишлари ва эришган натижалари орқали ижодкорлик ва ташаббускорлик салоҳиятини намоён этди.

Жумладан, Нукус шаҳрининг «Шымбай шайхана» маҳалласида яшовчи якка тадбиркор Улбосын Жумамуратова 20 йилдан буён уй пардаларини тикиб, шогирд тайёрлаб, уларни касбга ўргатиб келмоқда. Ҳозирги кунда уйи ёнида битта тикув цехи ва дўконини очиб, 10 нафар хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаган, 100 дан ортиқ шогирдлари ҳам бор.
Кўрик-танлов якунида тадбирда иштирок этган барча тадбиркор хотин-қизлар ЎзЛиДеП Нукус шаҳар Кенгашининг диплом, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Амангул ЕСЕМУРАТОВА –
ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши
«Жамоатчилик билан алоқалар, ахборот сиёсати ва мафкуравий ишлар бўлими мудири
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги