Ёшлар бандлигига эътибор кучаймоқда

Бугунги кунда ёшларнинг таълим олиши, касб эгаллаши ва мустақил ҳаётга қадам қўйишига кўмаклашиш – давлат сиёсатида устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Жойларда бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳам фаол иштирок этмоқда. Айниқса, уюшмаган, ишсиз ёшларни аниқлаш ва уларни ижтимоий ҳаётга жалб этиш орқали турли йўналишларда қўллаб-қувватлаш ишлари кенгаймоқда.
Шу маънода, Тўрткўл туманида ҳам ёшлар билан манзилли ишлаш бўйича янги амалий қадамлар қўйилмоқда. Туман прокурори Н.Джоламанов тумандаги ўзига бюириктирилган уюшмаган ёшларнинг яшаш манзилларига ташриф буюриб, улар ва ота-оналари билан шахсан суҳбатлашди, – деб маълумот беради туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими.

Маҳалладаги шундай учрашувлар доирасида ёшларнинг ҳаётда муносиб ўрин топишига кўмаклашиш, уларни касб-ҳунарга ва хорижий тилларга ўргатиш, ишга жойлаштириш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини бошлашда амалий ёрдам кўрсатиш асосий мақсад қилиб белгиланди.
Суҳбатлар давомида ёшларнинг муаммолари эшитилди, уларни ижтимоий ҳаётга фаол жалб этиш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.

Мазкур ташаббус ёшлар билан тизимли ишлашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фаол иштироки муҳим аҳамият касб этишини яна бир бор намоён этади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги