Имкониятлар ўз самарасини бермоқда

164

Бугунги кунда мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташаббусларини рағбатлантириш ҳамда ўз ишини бошлашларига имконият яратиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Айниқса, имтиёзли кредитлар, ўқув курслари ва маҳаллий етакчилар кўмагида ўз ишини бошлаётган ёшлар сони йил сайин ортиб бормоқда.

Шундай ёшлардан бири — Бойовул маҳаласида истиқомат қилувчи фаол ва ташаббускор Даврон Гулмонов. У ўзининг меҳнатсеварлиги ва интилишлари билан тенгдошларига намуна бўлмоқда. Ёшлар етакчиси кўмагида Даврон 100 миллион сўмлик имтиёзли кредит олиб, юмшоқ мебеллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

Ушбу имкониятдан унумли фойдаланган ҳолда, қисқа фурсат ичида замонавий устахонани ишга туширди. Ҳозирда мазкур корхонада 5 нафар ёш доимий иш жойи билан таъминланган. Бу эса нафақат Давроннинг шахсий муваффақияти, балки маҳаллада ижтимоий барқарорлик ва ёшлар бандлигини таъминлашда муҳим қадам бўлди,- деб маълумот беради туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими.

– Келгусида фаолиятимизни кенгайтириб, бошқа мебелларни ҳам ишлаб чиқаришни мақсад қилиб қўйганмиз, – дейди ёш тадбиркор.

Ёшларга яратилаётган имкониятлар ва уларнинг фаоллиги келажак тараққиёти учун мустаҳкам замин яратиб бермоқда. Даврон Гулмоновнинг ташаббуси эса бунинг ёрқин мисолидир.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги