Блоггинг болалар учун ижодкорликми ёки босим?

118

Мулоҳаза

Сўнгги йилларда ижтимоий тармоқларда блог юритувчи болалар сони сезиларли даражада ошди. Инстаграмда профессионал тарзда фаолият юритаётган болакайлар бугун нафақат контент ишлаб чиқарувчи, балки йирик брендлар билан ҳамкорлик қилаётган реал “инфлюэнcер”ларга айланган. Бу ҳолат ижтимоий тармоқларнинг таъсири, рақамли технологиялар ривожи ва маркетинг стратегияларининг ўзгариб бораётганидан далолат беради.

Кичик ёшдаги блогерларнинг фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, блоглар асосан ота-оналар томонидан фаол тарзда юритилади. Бу болакайлар ижтимоий тармоқларда ўз йўналишларини шакллантиради. Уларнинг саҳифалари орқали реклама берган брендлар – болалар кийимлари, ўйинчоқлари, ўқув марказлари ва ҳатто озиқ-овқат маҳсулотларигача бўлган турли фирмалардир.

Дунё миқёсида блоггинг соҳасида болалар катта-катта қадамларни ташлашмоқда. Мисол учун, Ҳалстон Блэк Фишер, Беби Чанко каби митти блогерларнинг фото ва видеолари миллионлаб инсонлар эътиборини жалб этмоқда. Бу блоглар нафақат фарзандлар гўзаллиги ва ёқимтойлигига асосланади, балки ота-онанинг ижтимоий медиа стратегияси, фотосурат услуби ва доимий контент янгиланиши орқали шаклланади.

Ўзбекистонда ҳам кундан-кунга болаларнинг блогерлик фаолияти ривожланмоқда. Мисол учун, Ясмин Зоитова ҳозирда инстаграмда 1,6 миллиондан зиёд обуначига эга. Блог йўналиши асосан ҳаёт тарзи ва рекламалар учун олинган контентлардан иборат. Ясмин Зоитованинг блоги ота-онаси томонидан юритилади. Кўпчилик ўйлайдики, Ясминнинг муваффақият сабаби ота-онасининг машҳур хонанда эканлигида деб. Лекин болакайнинг диққатга сазовор кўриниши ва ҳозиржавоблиги орқали унинг блогини кузатиш мароқли. Ясмин Зоитова эндигина 4 ёшни қаршилаган бўлса ҳам 10 дан ортиқ йирик ташкилотлар билан реклама юзасидан ҳамкорлик ишларини амалга оширмоқда ва унинг рекламалари учун нарх ота-онаси томонидан белгиланади.

Болаларнинг ижтимоий тармоқларда фаол бўлиши уларнинг тафаккурини кенгайтиради, ўзига ишончини оширади, ижодкорликни ривожлантиради. Бироқ бу жараёнда муҳим масала – болалик ҳаётига путур етказмаслик. Болаликдан блог юритиш орқали гапириш, ифода қилиш қобилиятлари ривожланади. Замонавий медиа воситаларидан фойдалана олиш малакаси шаклланади. Болаларда саҳна маданияти, камерага қарши юриш, саводли нутқ пайдо бўлади.

Аммо танганинг иккинчи томони ҳам бор. Камера олдида катта одам каби ҳаракат қилиш, контент ишлаб чиқариш мажбурияти – болани табиий болалигидан четлатади. Ўйин, саргузашт, эркинлик йўқолиши мумкин. Лайклар, кўришлар сони, изоҳлар, рақобат, болаларда стресс ва ўзини паст баҳолашга олиб келиши мумкин.

Болаларнинг блог юритиши – бу нафақат замонавий жамиятдаги янгилик, балки муҳокама ва эҳтиёткорликни талаб қиладиган ижтимоий-ахлоқий масала. Ота-оналар, педагоглар ва мутасадди ташкилотлар бу жараёнга бефарқ бўлмасликлари, боланинг шахс сифатида шаклланишини биринчи ўринга қўйишлари зарур. Бу жараёнда бола экспонатга эмас, шахсга айланиши, болалигини, қувончларини, ўйинга тўла ҳаётини йўқотмаслиги зарур.

Блоггинг боланинг имконияти бўлиши мумкин, аммо бу имконият унга зарар етказмаган ҳолда, ривожланиш билан уйғунлашгандагина чинакам фойдали бўлади.

Дилдора ДЎСМАТОВА

ЎзА