Адолат ва қонунийликни таъминлаш устувор вазифамиз

Мамлакатимиздаги судлар фаолияти, аввало, инсон тақдирига, барча соҳалар тартиби ва ривожига дахлдор. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда судлар мустақиллигини мустаҳкамлаш, ишларни кўришда холислик, адолат ва қонунийликни таъминлаш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб, сўнгги йилларда бу тизимга оид кўплаб қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев жиноят содир этган шахсни жазолаш эмас, балки, жиноятларнинг келиб чиқиш сабаби, уларга шароит яратиб берган манбаларни ўрганиш, ҳар бир жиноят ҳолатларини профилактика инспекторлари, маҳалла ва жамоатчилик иштирокида чуқур таҳлил қилиш зарурлиги, ишларни сайёр суд мажлисларида, аҳоли ўртасида кўриш лозимлиги ҳақида таклиф билдирган эди.
Юртбошимизнинг бу фикри мамлакатимиздаги судлар томонидан қўллаб-қувватланиб, ҳудудларда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида сайёр суд мажлислари ўтказилмоқда.
Республикамизда ҳам сўнгги йилларда ишларни сайёр суд мажлисларида кўришга алоҳида эътибор қаратилиб,
2025 йилнинг биринчи ярмида маъмурий судлар томонидан 115 та иш ёки 32,5 фоиз ишлар сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди.
Бу даврда Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судида биринчи инстанция тартибида ишлар кўрилмаган. Апелляция инстанциясида 74 та иш, кассация инстанциясида 48 та иш ва тафтиш инстанциясида
13 та иш кўриб тамомланган.
2025 йилнинг ўтган олти ойида 2024 йилнинг шу даврига нисбатан кўрилган ишлар сони 96 тага ёки 21,3 фоизга камайган бўлса, материаллар сони 11 тага ёки 183,3 фоизга кўпайган.
Таъкидлаш жоизки, ушбу давр мобайнида жами 354 та иш кўрилган бўлиб, шундан 95 та ариза қаноатлантирилган, 205 та ариза қаноатлантирилмасдан қолдирилган. 7 ариза кўрилмасдан қолдирилган ва 47 ариза иш юритувидан тугаган.
2025 йилнинг биринчи ярмида маъмурий судларга даъво аризаси беришда давлат фойдасига 170.499.000 сўм бож тўланган бўлса, суд қарорларига асосан давлат фойдасига 290.136.404 сўм бож ундириш белгиланган. Шунингдек, 2025 йилнинг 1-чорагида суд қарорлари бўйича давлат божи ҳамда бошқа турдаги ижро хатларига асосан 354.800.154 сўмлик жами 403 та ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроларига юборилди. Шундан, 156.921.654 сўмлик 268 та ижро ҳужжатларининг ижроси таъминланган ва якунланган. 188.878.500 сўмлик 135 та ижро ҳужжати кейинга ҳисобот даврига қолдиқ бўлиб ўтган.
Ишларни кўриб чиқиш натижалари бўйича давлат органлари ходимлари ва мансабдор шахсларининг ҳаракатларида қонунбузилиш ҳолатлари мавжудлиги ҳамда уларнинг келгусида содир этилишининг олдини олиш мақсадида кўрилган ишларнинг 100 таси бўйича алоҳида ажримлар чиқарилиб, зарур чора-тадбирларни белгилаш учун тегишли жойларга юборилди.
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди томонидан ягона суд амалиётини шакллантириш, одил судловни амалга оширишдаги хато-камчиликларни бартараф этиш бўйича, шунингдек, фуқароларнинг мурожаатларини ҳар томонлама тўлиқ ўрганиш ва тўғри йўлга қўйиш бўйича жами 19 маротаба умумлаштиришлар ўтказилди.
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судига 2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали жисмоний ва юридик шахслардан жами 35 та мурожаат келиб тушиб, шундан барча мурожаатлар ўрганилиб, эгаларига жавоблар берилди. Шунингдек, ушбу даврда жисмоний ва юридик шахслардан 34 та мурожаат келиб тушиб, шундан, 24 таси ўрганилиб, мурожаат эгаларига асосли жавоблар берилган бўлса, 6 та мурожаат тегишлилиги бўйича ҳал этиш учун бошқа идораларга юборилган. 4 та мурожаат кейинги ҳисобот даврига қолдиқ бўлиб ўтган.
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судлари томонидан ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш ва аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида, корхона, муассаса, ташкилотлар, ўқув юртлари ва аҳоли ўртасида жами 261 маротаба учрашувлар ва тўгараклар суҳбатлар ташкил этилди. Унда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилиб, 176 марта мақолалар эълон қилинди ҳамда телевидение ва радиоларда чиқишлар ташкил этилди.
Бироқ, бу ишлар бугунги кунда олдимизга қўйилаётган талабларга жавоб беради, деб бўлмайди.
Шунинг учун ҳурматли Президентимиз томонидан берилган кўрсатмаларга амал қилиб, ўз вазифамизга масъулиятни чуқур ҳис қилиб, халқ ичига кириб уларнинг муаммоларини тинглаш, фуқаролар билан кўпроқ учрашиш судьялар учун асосий вазифа бўлиб қолиши керак.
Ушбу масалада сайёр суд мажлисларининг тарбиявий аҳамиятини алоҳида таъкидлаш лозим. Чунки, бир томондан судлар жамоатчилик орасида бўлса, иккинчи томондан фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга кенг кўмак беради.
Мухтасар айтганда, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судлари судьялари зиммаларига юклатилган масъулиятли вазифаларни сидқидилдан, ҳалол ва виждонан бажариб, ҳар қандай ҳолатда ҳам холис ва адолатли бўлишга, одил судловни фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширишга бор куч-ғайратини сафарбар этади.
А. Нурлипесов,
Қорақалпоғистон Республикасимаъмурий суднинг раиси.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги