Танлов ғолибларига сертификатлар топширилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 26 августдаги «Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига асосан, жорий йилдан бошлаб давлат грант йўналишлари манзилли ва аниқ муаммоларни ҳал этишга қаратилган йўналишлар бўйича грант танловлари ngo.gov.uz электрон платформаси орқали эълон қилиниши белгиланган эди.


Жорий йилнинг март-апрель ойларида ҳудудлардаги муаммоларни ҳал этиш ва ижтимоий аҳамиятга молик ташаббусларни амалга ошириш бўйича Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси раиси, Жамоат фонди директори, Парламент комиссияси аъзолари ва маҳаллий Кенгаш депутатларидан иборат ишчи гуруҳ билан биргаликда Нукус шаҳрида, Тахтакўпир, Қораўзак, Шуманай, Тахиатош, Беруний, Элликқалъа, Чимбой, Мўйноқ ва Қўнғирот туманларида ижтимоий аҳамиятга молик муаммолар ўрганилиб, 1-30 май кунлари оралиғида Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан 7 та йўналишда ва Қорақалпоғистон Республикаси бўлими томонидан 6 та йўналишда биринчи танлов эълон қилинган эди. Мана шу эълон қилинган танловларга Қорақалпоғистон Республикасидан жами 104 фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари ўз лойиҳалари билан қатнашиб, шулар ичидан энг юқори балл тўплаган 14 лойиҳа ғолиб деб топилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида ушбу танлов ғолибларига махсус сертификатларни топшириш маросими бўлиб ўтди.



Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Ш.Отемисов сўзга чиқиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича кўплаб ижобий ишлар амалга оширилаётганини айтиб, шу асосда нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ҳудудлардаги аҳолининг муаммолари ижобий ҳал этилаётганини алоҳида таъкидлади.
Шундан сўнг танлов ғолибларига махсус сертификатлар топширилди.

Тантанали маросимда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари Р.Сапарбаев иштирок этди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги