Дарахтларни зараркунандалардан ҳимоялаш ишлари олиб борилмоқда

117

Соғлом ва обод муҳит фақат қулай ҳаёт шароити эмас, балки ҳар бир инсоннинг руҳий ва жисмоний барқарорлиги учун ҳам муҳим ҳисобланади. Шу боис сўнгги йилларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида яшил ҳудудларни кўпайтириш, мавжуд дарахтлар ва ўсимликларни асрашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Тўрткўл туманида манзарали дарахтларни асраш, уларнинг соғлом ўсишини таъминлаш ҳамда табиий кўринишини сақлаш мақсадида зарур чоралар кўрилмоқда. Ҳозирда ҳудудда фумигация ишлари жадал тарзда амалга оширилмоқда.

Мутасаддилар томонидан ўтказилаётган бу тадбир доирасида махсус кимёвий воситалар ёрдамида дарахтларга зиён етказувчи ҳашаротлар ва турли касалликларнинг олди олинмоқда. Энг муҳими, бу жараён атроф-муҳит учун хавфсиз ҳисобланади ва амалдаги экологик талабларга тўлиқ мос ҳолда ташкил этилмоқда.

Туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлимининг маълумотига кўра, Профилактик мақсадда ўтказилаётган фумигация ишлари нафақат дарахтларнинг умрини узайтиришга, балки туман ҳудудидаги экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, ободонлаштириш ишларига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз.

Мазкур ишлар туфайли нафақат ҳозирги, балки келажак авлод учун ҳам қулай ва соғлом муҳит яратилаётгани муҳим аҳамият касб этади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги