Тадбиркорни тинглаш – мамлакат иқтисодиёти ўсишига таъсир қилувчи омил

118

Президент ташаббуслари – амалда

Мамлакатимиз тадбиркорлари Президент билан бундан тўрт йил олдинги учрашувни кўп эслашади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўшандаги – 20 август куни ташкил этилган очиқ мулоқотида ўн мингга яқин тадбиркор иштирок этган эди.

Бу каби учрашувларни ўтказиш кейинги йилларда яхши анъанага айланди. Ўша тадбир эса жуда катта форматда ташкил этилган тадбиркорлар билан фикр алмашининг дастлабкиси бўлгани билан тарихда қолди, десак муболаға бўлмайди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимиз иқтисодиётининг устувор йўналиши этиб белгиланган. Кейинги йилларда бу соҳани ривожлантиришга қаратилган кўплаб яқин қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Бундай мулоқотларда давлатимиз раҳбари ҳар бир йўналиш бўйича долзарб вазифаларни кўрсатиб, янги ташаббусларни илгари суради. Бу ташаббуслар эса мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга, юртимиз иқтисодиёти ўсиб, аҳоли турмуш-даражаси юксалишига хизмат қилмоқда.

Анъанага кўра, бу йил ҳам шу форматдаги катта учрашув бўлиб ўтади. Унга тайёргарлик ишлари қизғин давом этмоқда.

Тайёргарлик дейилганда нимани назарда тутяпмиз? Бугун жойларда мулоқот олдидан турли форматдаги учрашувлар ташкил этиляпти. Уларда вазирлик ва идоралар масъуллари, тармоқ мутасаддилари ҳамда тадбиркорлар учрашмоқда. Бу учрашувларда эса ишбилармонлар сўзга чиқиб, фаолиятида дуч келаётган муаммоларни, таклиф ва мулоҳазаларини айтмоқда.

Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотига тайёргарлик доирасида бугун пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” меҳмонхонасида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси томонидан катта тадбир ташкил этилади.

“Чорвачилик ва унинг тармоқларини янада ривожлантириш, соҳадаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтади.

Учрашувда соҳада мавжуд муаммолар очиқ муҳокама қилинади. Уларнинг амалий ечимлари юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Жойларда бошқа вазирлик ва идораларнинг ҳам бу каби тадбирлари давом этмоқда.

Икром АВВАЛБОЕВ,

ЎзА мухбири