Тоғ-кон соҳасидаги 367 та географик объект номлари давлат тилига мувофиқлаштирилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 18 июндаги 379-сонли қарорига асосан мазкур географик объектлар номлари давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштирилди.
Мазкур янгилик юзасидан тоғ-кон саноати ва геология вазири маслаҳатчиси Зиёда Аҳмедова қуйидагиларни таъкидлаб ўтди:
– Вазирлигимиз томонидан ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақомини мустаҳкамлаш, географик объектлар номларини амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқлаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилди. Бу жараёнда соҳа олимлари, географлар, тарихчилар, ўлкашунослар ва лингвистлар иштирокида махсус ишчи гуруҳ фаолият юритди. Конлар номлари жойлашув ҳудуди, тарихий манзаралар ва хомашёнинг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқилди.
Белгиланган тартибда кон номлари давлат экспертизасидан ўтказилиб, Республика комиссияси хулосасига асосан қарор қабул қилинди. Унга кўра, 367 та географик объект номлари давлат тилидаги қоида ва меъёрларга мослаштирилди. Жумладан, 39 та рудали, 105 та норуда ва 126 та углеводород кони номлари қайта ишлаб чиқилди. Шунингдек, 97 та объектга, хусусан 4 та рудали, 63 та норуда ва 30 та углеводород конига янги номлар берилди.
Фойдали қазилма конларига ном беришда маҳаллий аҳолининг турмуш тарзи, тарихий мерос, миллий ва тилга оид хусусиятлар чуқур таҳлил қилинди. Бу нафақат геология соҳасида, балки умумий тил маданиятида ҳам муҳим қадам бўлди.
Айни пайтда вазирлик тасдиқлаган номлар асосида иш ҳужжатлари ва ахборот базаларига тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда. Ер қаъри давлат фонди кадастридаги фойдали қазилма конлари номлари хатловдан ўтказилиб, Вазирлар Маҳкамаси қарорларида белгиланган номлар билан таққосланмоқда ва заруратга кўра янги номлар бериш бўйича таклифлар тайёрланмоқда.
Шу билан бирга, соҳа мутахассислари ва кенг жамоатчиликка қулайлик яратиш мақсадида географик объектларнинг эски ва янги номлари акс эттирилган Android мобиль иловаси ишлаб чиқилган. Ушбу иловани вазирликнинг расмий веб-сайтидан юклаб олиш мумкин.
Бу ташаббус нафақат ўзбек тилини соҳавий йўналишда мустаҳкамлаш, балки ёш авлодни геология соҳасига қизиқтириш, миллий тилни жамоат ҳаётида кенг қўллаш имкониятини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА