YouTube болаликни қандай шакллантирмоқда?

Сўнгги йилларда рақамли платформалар, хусусан YouTube’нинг болалар ҳаётидаги ўрни кескин ортиб бормоқда. Анъанавий мультфильмлар ёки китоблар ўрнини рақамли контент эгаллагандек гўё. Бугунги кунда ҳар бир уйда YouTube орқали фарзандларни овутиш одатий ҳолга айланган. Бироқ бу платформада болаларга мўлжалланган контентларнинг кўплиги, сифати ва психологик таъсири бўйича жиддий саволлар туғилиши табиий.
Қуйидаги каналлар халқаро ва минтақавий миқёсда энг кўп кўриладиган YouTube каналларидир:

1. Cоcоmelon – дунё бўйича энг машҳур болалар канали. Мультфильмлар ва қўшиқлар орқали таълимий кўнгилочар контентлар тақдим этади. Обуначилар сони 195 миллион ва умумий кўришлар эса 206 миллиарддан зиёд.

Ушбу канал асосан 0–6 ёшлар оралиғидаги болакайлар учун мўлжалланган. Каналдаги контентларнинг асосий мақсади такрорий мусиқа ва қўшиқлар орқали болалар нутқини ривожлантиришдир. Қолаверса, интерактив дунё билан танишув имконини яратади.
2. LооLоо Kids – YouTube’да болалар учун мўлжалланган энг машҳур ва муваффақиятли таълим-каналлардан бири ҳисобланади. 60 миллиондан ортиқ обуначилар ва 38 миллиарддан зиёд кўришлар сонига эга.
Канал болаларнинг эшитиш, тил ўрганиш, идрок қилиш қобилиятларини ривожлантиришни мақсад қилган. Ҳар бир қўшиқда алоҳида мавзу ёритилади: гигиена, ижтимоий хулқ-атвор, сон ва ҳарфлар, ҳайвонлар ёки табиат. Контент доимий такрорланиш орқали болага тушунарли ва ёдда қоладиган бўлиб ишланган.
3. Little Baby Bum – болалар учун таълимий канал ҳисобланиб, унда инглиз тилидаги ўйинли шеърлар, қўшиқлар ва мультфильмлар орқали болаларга ранглар, шакллар, сонлар, ҳайвонот олами каби асосий тушунчалар ўргатилади. Обуначилар сони – 41,6 миллион. Каналдаги умумий кўришлар сони эса 42,3 миллиарддан зиёд.
Little Baby Bum каналидаги видеоларда ранг, тасвир, анимация ва овоз уйғунлашиб боланинг эшитиш ва кўриш идрокини ривожлантиради. Видеолардаги шеърлар, мусиқалар ва такрорий сўзлар болаларнинг сўз бойлигини оширишга ёрдам беради. Кичик ёшдаги болалар учун такрор орқали ўрганиш энг самарали усуллардан биридир.
Юқорида саналган YouTube каналлари болалар учун маълум қадар кўнгилочар ва фойдали. Аммо, илмий тадқиқотларда қайд этилишича, 3–6 ёшдаги болалар учун дақиқасига 3–4 кадр етарли бўлса, бу каналларда кадрлар сони 10–15 дан ошади. Бу диққатнинг бузилишига олиб келиши мумкин. Каналлар одатда ёрқин, мусиқий ва завқли контент тақдим этгани учун бола осонликча уларни тарк эта олмайди. Бу психологик қарамлик ҳолатларини келтириб чиқаради. Болалар тинимсиз шу контентни томоша қилишга интилади ва реал дунё билан алоқаси секин-аста узила бошлайди.

Cоcоmelon, Little Baby Bum ва LооLоо Kids каби YouTube каналлари визуал сифат, дидактик ёндашув ва маркетинг нуқтаи назаридан жуда муваффақиятли лойиҳалар. Аммо уларда психологик ривожланишга салбий таъсир кўрсатиш, экран қарамлигига олиб келиш, ижтимоий тил каби кўникмаларни чеклаш каби хавфли жиҳатлар ҳам бирга юради.
Ушбу каналларнинг контентлар маъносига алоҳида тўхталадиган бўлсак, аксар контентларда реал ҳаётдаги муаммолар, зиддиятлар, танловлар ва оқибатлар йўқ. Натижада бола бундай контент орқали реал ҳаётни эмас, балки “мукаммал мультфильм олами”ни қабул қилади. Бу эса уни ҳаётий стрессга тайёрлай олмайди. Масалан, “Be polite”, “Be clean”, “Brush your teeth”, “Say thank you” — бу қўшиқлар орқали болага тартибни эслаб қолиш ўргатилади, лекин у нима учун бундай қилиш кераклиги, ҳис қилиш, англаш, шахсий танлов қилиш тушунтирилмайди. Бу эса боланинг ахлоқий ривожида кўрсатма асосида бўйсунувчи, аммо танлов қилмайдиган шахсга айланишига сабаб бўлиши мумкин.
Психологларнинг фикрича, болалар учун фақатгина “YouTube Kids” платформасидан фойдаланиш лозим. Ота-оналар контентни аввал кўриб, мослигини текшириш керак.
Қолаверса, маҳаллий контентларни ривожлантириш ҳам айни муддао. Ўзбек тилидаги таълимий ва тарбиявий контентлар сонини ошириш, жадидлар мероси, қадриятлар, маданият ва ахлоқий мавзуларни қамраб олган лойиҳалар яратилиши лозим. Интерактив ва ҳаракатли ўйинларга бой фаол контентлар ҳам болани фаолликка ундайди ва жисмоний фаолиятига фойда бўлади.
YouTube бугунги кунда болалар учун нафақат кўнгилочар, балки таълимий платформага айланган. Бироқ, бу имкониятдан эҳтиёткорлик билан фойдаланилмаса, боланинг руҳий ва жисмоний ривожига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун, рақамли маданият ва онгли танлов тамойиллари асосида контентларни назорат қилиш, болалар психологиясига мос равишда шакллантириш зарур.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА