Транспорт вазирлигининг ахбороти эшитилди

138

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитасининг йиғилишида Транспорт вазирлигининг “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижроси тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.

Ахборотда таъкидланганидек, йўл хўжалиги ислоҳ қилиниб, автомобиль йўлларининг техник ҳолати рақамлаштирилган ҳолда назорат қилинмоқда. Ресурслардан оқилона фойдаланиш ва иш сифатини ошириш мақсадида “Йўл таъмирлаш пункти” ахборот тизими ишга туширилган.

2024 йилнинг ўзида 53 минг 761 дона янги йўл белгилари ўрнатилган. Шу билан бирга, йўл ҳаракатини тартибга солиш мақсадида 136 та янги светофор объекти қурилган ва мавжудлари реконструкция қилинган, 31 та электрон таблолар ўрнатилган.

Эшитув давомида авиаташувчиларга маҳаллий йўналишлардаги авиақатновлар чипта нархининг бир қисмини қоплаш учун давлат бюджетидан ажратилаётган субсидиялар масаласи ҳам муҳокама этилди.

Шунингдек, автомобиль йўлларида транспорт воситалари ва пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатини таъминлаш бўйича вазифаларнинг жойлардаги ижроси юзасидан жамоатчилик назорати натижалари атрофлича кўриб чиқилди. Соҳада амалга оширилаётган ишлар юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

М.Комилова, ЎзА