Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди

126

 

Қорақалпоғистон Республикаси Солиқ бошқармаси томонидан ҳудудларда кичик ва ўрта бизнесни янада ривожлантириш, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилаётган муаммоларни бартараф этиш мақсадида тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда. Навбатдаги учрашув Мўйноқ туманида ўтказилди.

Юзма-юз мулоқотда солиқ бошқармаси раҳбарлари, туман ҳокими иштирок этиб, кичик ва ўрта бизнесни янада ривожлантириш, бу борада ушбу тармоқ вакилларини қўллаб-қувватлаш мақсадида берилган имтиёзлар ва солиқ енгилликлари, тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги ва соҳага оид сўнгги ўзгаришлар ҳақида маълумотлар берилди.

Унда тадбиркорлар фаолиятига тўсиқ бўлаётган муаммоларга ечим топиш ҳамда уларнинг бизнесини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидланганидек, Президентимиз раислигида жорий йилнинг 19 март куни кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан соҳанинг иқтисодиётдаги улушини ошириш ва ривожланишини янги босқичга олиб чиқиш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Бугунги учрашувдан мақсад – кичик ва ўрта бизнес вакилларининг солиқ соҳасидаги муаммо ва таклифлари билан чекланиб қолмасдан, бошқа соҳаларда учраётган муаммо ва таклифларни ўрганиб, тегишли идоралар билан биргаликда ижобий ечим топишдан иборат.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида 2025 йил 1 январь санасига 34574 (шундан, 22143 микрофирма, 1775 кичик корхона, 16312 якка тадбиркорлар) кичик ва ўрта бизнес вакиллари тадбиркорлик билан шуғулланмоқда.

Шундан, Мўйноқ туманида 985 (шундан, 542 микрофирма, 30 кичик корхона, 413 якка тадбиркор) кичик ва ўрта бизнес вакиллари тадбиркорлик билан шуғулланмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси бюджет даромадларига 2024 йил учун белгиланган 2 трлн. 837 млрд. сўм прогноз кўрсаткичи йил якуни билан 3 трлн. 30 млрд. сўмга (106,8%) бажарилиб, бюджетга қўшимча 192 млрд. сўм тушумни ташкил этди ёки бюджетга тушумлар 2023 йилга нисбатан 120 фоизга, яъни 500 млрд. сўмга ўсди.

Шундан Мўйноқ туманида бюджет даромадларига 2024 йил учун белгиланган 4,4 млрд. сўм прогноз кўрсаткичи йил якуни билан 4,7 млрд. сўмга (106,1%) бажарилиб, бюджетга қўшимча 0,3 млрд. сўм тушум таъминланди ёки 2023 йилга нисбатан 118 фоизга, яъни 0,7 млрд. сўмга ўсди.

Мўйноқ туманида кичик ва ўрта бизнес вакиллари томонидан 2024 йилда 23,9 млрд. сўм солиқлар тўлаб, бюджетга жами тушумдаги улуши 14,5 фоизни ташкил этади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарор ва фармонларига асосан ҳамда бошқа солиқ қонунчилигига мувофиқ 2023 йил давомида 13 714 та кичик ва ўрта бизнес вакиллари томонидан 447,8 млрд. сўм солиқ имтиёзлари қўлланилган бўлса, 2024 йил давомида 16 597 та кичик ва ўрта бизнес вакиллари томонидан 622,3 млрд. сўм солиқ имтиёзлари қўлланилиб, бу кўрсаткич 39 фоизга кўпайди.

Шундан, Мўйноқ туманида 2023 йил давомида 357 кичик ва ўрта бизнес вакиллари томонидан 27,3 млрд. сўм солиқ имтиёзлари қўлланилган бўлса, 2024 йил давомида 434 кичик ва ўрта бизнес вакиллари томонидан 47,5 млрд. сўм солиқ имтиёзлари қўлланилиб, бу кўрсаткич 74,0 фоизга ошди.

Ушбу маблағлар тадбиркорларнинг ўз ихтиёрида қолдирилиши натижасида корхоналар томонидан тадбиркорликни кенгайтиришга, ишчилар сонининг ортишига ва шу орқали бандликка кўмаклашишга замин яратилмоқда.

Бу ўзгаришлар, албатта, юртимизда тадбиркорлар кўпайиб, янги иш ўринлари яратилишига ва иқтисодиётимиз ривожига замин бўлади. Учрашувда фикр-мулоҳазалар билдирилиб, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Тадбирда солиқ маъмурчилигига амал қилиб илғор натижаларга эришиб келаётган бир гуруҳ солиқ тўловчиларга миннатдорлик билдирилиб, эсдалик совғалари топширилди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.