Ёшлар асаларичиликнинг сир-асрорлари билан танишди

98

O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши “Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш” бўлими ҳамда Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Аминов Марат ташаббуси билан “Ёш тадбиркорлар Лигаси” лойиҳаси доирасида Нукус туманида жойлашган “Дийхан Арна” маҳалла фуқаролар йиғиндида фаолият юритувчи тажрибали асаларичилик фермер хўжалигига бизнес тур ташкил этилди.

Бизнес турда давомида иштирокчи ёшлар асаларичилик соҳаси билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишди. Фермер хўжалиги раҳбари Бахтиёр Джубаев ушбу соҳадаги имкониятлар, фаолиятни қўллаб-қувватлаш механизмлари ва муваффақиятга эришган ёш тадбиркорлар тажрибаси ҳақида иштирокчиларга атрофлича маълумот берди.

— Мен болалигимдан отамнинг ёнида юриб, уларнинг асалари оилалари билан ишлашини кузатиб, бу касбга меҳр қўйганман.Асаларичилик — нафақат ҳалол меҳнат, балки сабр-тоқат, меҳр ва доимий ғамхўрликни талаб қиладиган касб. Фермер хўжалигимдаги илк асалари уялари отамнинг маслаҳати ва кўмагида ташкил этилди. Жорий йил апрель ойида ёшлар учун ажратилган 100 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб, фаолиятимни янада кенгайтиришга сарфладим. Яқин келажакда замонавий технологияларни жорий этиш ва ёшларни ушбу соҳага янада кўпроқ жалб қилиш ниятим бор,-дейди Серик Джубашев.

Тадбир доирасида иштирокчилар Нукус туманининг яна бир тажрибали асаларичиси — Абай Шабиев билан ҳам суҳбатлашишди. У ўз тажрибасини ёшлар билан бўлишар экан, қуйидагиларни таъкидлади:

— Ҳозирги кунда хўжалигимизда бир неча ўнлаб асалари оилалари мавжуд. Асал ишлаб чиқаришдан ташқари, мум, прополис, перга ва турли асал аралашмаларини тайёрлаб, маҳаллий бозорга чиқармоқдамиз. Бу маҳсулотларга талаб юқори, чунки одамлар соғлом ва табиий маҳсулотларга қизиқиш билан ёндашмоқда. Биз учун энг муҳим масала — маҳсулот сифати. Асалариларни фақат табиий муҳитда, зарарли кимёвий моддаларсиз парвариш қиламиз. Бу нафақат маҳсулот сифатини, балки экологик барқарорликни ҳам таъминлайди.

Бизнес тур давомида иштирокчилар  асаларичилик соҳасига қизиқиш билдиришди ва келгусида ушбу йўналишда ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ниятида эканликларини билдиришди. Фермерлар томонидан “устоз-шогирд” анъанаси асосида ёшларга амалий ёрдам кўрсатишга тайёр эканликлари маълум қилинди.

 Клара Худайбергенова,  O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши

“Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш” бўлими мудири

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги