Тупроқ унумдорлигини аниқлаш муҳим вазифа

Қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ҳосил олишда тупроқ унумдорлиги муҳим роль ўйнаб, тупроқ унумдорлигини аниқлашда уни агрокимёвий ўрганиш, яъни, таҳлилдан ўтказиш талаб этилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 июлдаги «Республикада Ўсимликлар карантини ва ҳимояси тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ва 5185-сонли қарори асосида, Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги таркибида Республика агрокимёвий таҳлил маркази ташкил этилди.
Ушбу марказнинг олиб бораётган ишлари ва юз бераётган янгиланишларни кенг жамоатчиликка яқиндан таништириш мақсадида, оммавий ахборот воситалари ходимлари учун пресс-тур ташкил этилди.

Дастлаб тадбир иштирокчилари Қорақалпоғистон Республикаси Агрокимёвий таҳлил маркази директори Тимур Абдиров билан учрашиб, марказнинг бажараётган фаолияти ва юз бераётган сўнгги ўзгаришлар ҳақида маълумотлар олди.
Шундан сўнг тадбир иштирокчилари тупроқ ва минерал ўғитлар таҳлили лабораторияси, агрокимёвий картограммалар ишлаб чиқиш бўлимида бўлиб, марказ мутахассисларидан бу ерда яратилган шароит ва қулайликлар ҳақида кенг тушунчалар олди.

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 июндаги 510-сонли қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Агрокимёвий таҳлил маркази республикамиз ҳудудида тупроқнинг агрокимёвий таҳлилини амалга оширувчи ягона корхона ҳисобланади, – дейди марказ директори Тимур Абдиров. – Марказнинг асосий вазифаси қишлоқ хўжалиги экин майдонлари тупроқларининг унумдорлигини ошириш мақсадида шартнома асосида агрокимёвий таҳлилдан ўтказиш ва шу асосда ердан фойдаланувчиларга илмий асосланган тавсиялар кўрсатилган агрокимёвий картограммалар ишлаб чиқиш, қишлоқ хўжалигига етказиб бериладиган барча турдаги минерал ўғитлар сифатининг тегишли давлат стандартларига мослигини таҳлил қилиш ва хулоса бериш, қишлоқ хўжалигида қўлланиладиган ўғитларнинг давлат стандарти талабларига мувофиқлигини аниқлаш, шунингдек, тупроқларнинг зарарли пестицидлар, радионуклидлар ва оғир металл қолдиқлари билан ифлосланиши бўйича мониторинг олиб бориш ҳисобланади. Марказимиз Германия, Россия, Хитой ва Ҳиндистон давлатларида ишлаб чиқарилган замонавий лаборатория ускуналари ва приборлари билан жиҳозланган. Мутахассисларимиз билим ва малакаларини ошириш бўйича Тошкент шаҳрида махсус ташкил этилган курслардан ўтган. Шуни алоҳида таъкидлашимиз керакки, марказимиз 2023 йил 4 октябрда «Ўзбекистон аккредитация маркази» давлат унитар корхонасидан техник жиҳатдан малакаси тасдиқланганлигини тасдиқловчи МЛ.1211-сонли гувоҳномани Ўзбекистон Республикасида биринчилардан бўлиб олди.

Жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида, марказда 389 ердан фойдаланувчилар билан 31 206,7 гектарга шартномалар тузилиб, ушбу шартномаларга асосан 22 591,1 гектар ер майдонларидан тупроқ намуналари олинди ва тупроқ намуналари лабораториямизда таҳлилдан ўтказилди.
Таҳлил натижаларига асосан 28 658,1 гектар ер майдонларининг агрокимёвий картограммалари ишлаб чиқилиб, ердан фойдаланувчилардан 6 ой давомида 53 688,4 минг сўм ўзлаштирилди.
Шу билан бир қаторда, 2025 йил 6 ой давомида «Ўзагролаб» платформасига картограммалари киритилди.
Минерал ўғитларни таҳлилдан ўтказиш бўйича жами 5 та шартнома тузилиб, 68 та намуна агрокимёвий таҳлилдан ўтказилди ва 30 383,3 минг сўм ўзлаштирилди. Шу билан бирга, республикамизнинг 6 туманида жойлашган 11 МФЙ ва ОФЙларда жойлашган 4 375 томорқа ер эгаларининг 262,5 га ер майдонларининг агрокимёвий хулосалари ишлаб чиқилиб, 4 883,7 минг сўм ўзлаштирилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2024 йил 30 декабрдаги ПҚ-465-сонли қарори топшириқларининг бажарилиши бўйича Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 2 268 фермер хўжаликларининг 905,4 га дала чети ҳамда ва 820 та коллектор-дренажлар атрофидаги 98,6 га майдонлар тупроқлари агрокимёвий таҳлилдан ўтказилиб хулосалар берилди.
– Сўнгги йилларда юртимизда деҳқончилик маданиятини ошириш, аҳолини тоза ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, Президентимиз ва республикамиз ҳукумати раҳбарлигида қатор ишлар олиб борилмоқда, – дейди марказ ходими Алишер Реймов. Афсуски, бу қилинган чора-тадбирлар ўзининг салбий таъсирини кўрсатиб, хонадонларимиз катта миқдордаги молиявий йўқотишларга учрамоқда. Аммо, экин ерларимиз эса, яроқсиз ҳолатга келмоқда. Шу боис республикамиздаги ҳар бир жойдан фойдаланувчи одам энг аввало марказимизга келиб, тупроқ таркибини таҳлилдан ўтказса, бу мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Пресс-тур давомида журналистлар марказ мутахассисларининг ишлари билан яқиндан танишиб, бугунги кунда кенг жамоатчиликни қизиқтириб келган саволларга тегишли жавоб олди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.