Савияли таржима – китобхон онгини ўзгартирувчи куч

144

Бугунги кунда ахборот технологиялари жадал ривожланаётган бўлса-да, мутолаа завқидан баҳраманд бўлаётган китобхонлар сони ортиб бораётганини кузатиш қувонарли. Кўчада, жамоат транспортида, хиёбонларда қўлида китоби билан банд бўлган инсонлар кўнгилга илиқлик бахш этади. Бироқ сўнгги йилларда айрим китоблар мазмунидан кўра, муқоваси ёки ижтимоий тармоқларда “цитата” сифатида улашиш учун сотиб олинаётгани ачинарли ҳол.

Айрим ҳолларда китоблар маркетинг воситалари орқали тарғиб қилинади, уларнинг савдоси эса асосан реклама таъсирида амалга ошади. Баъзи нодавлат нашриётлар эса фақат тижорат мақсадида бадиий қийматдан йироқ бўлган асарларни қайта-қайта таржима қилиб, бозорга чиқаришмоқда. Бу эса чинакам адабиёт, ҳақиқий санъат намуналарининг сояда қолишига олиб келмоқда.

Шу билан бирга, савияли таржималар ҳам мавжуд. Жумладан, халқимиз зиёлиларидан бири, атоқли таржимон ва адабиётшунос Озод Шарафиддинов томонидан амалга оширилган таржималар бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Унинг 1955–2005 йиллар оралиғида 150 дан ортиқ асарни ўзбек тилига таржима қилгани миллий адабиётимиз тарихида муҳим воқеа бўлган.

Таржимон танлаган асарлар нафақат жаҳон адабиёти дурдоналари, балки фалсафий изланишлар, илмий-назарий мақолалар, машҳур арбоблар нутқлари, ҳатто кино-сценарийлар каби турли йўналишларни ўз ичига олган. “Арбат болалари”, “Иқрорнома”, “Дориан Грейнинг портрети”, “Алкимёгар”, “Бешинчи тоғ” каби асарлар таржимаси ўзбек китобхонини жаҳон маданиятига яқинлаштирди.

Албатта, бу эрда муҳим жиҳат шундаки, Озод Шарафиддинов таржимага фақат адабий нуқтаи назардан ёндашмаган, балки асарнинг ижтимоий ва маънавий аҳамиятини чуқур англаган ҳолда таржима қилган. Унинг илк таржимаси — Белинскийнинг “Танқид ҳақида нутқи” ўзбек адабий танқидчилигига янгича руҳ бағишлаган эди.

Бугунги кунда ҳам бир қатор йирик лойиҳалар доирасида мазмунли таржима ишларига эътибор кучаймоқда. Жумладан, “Ёшлар учун минг китоб” лойиҳаси доирасида 2024 йилда 50 та илмий-оммабоп асар ўзбек тилига таржима қилинди. Бу жараёнда 30 дан ортиқ эксперт-мутахассис, 40 дан зиёд таржимон, 30 га яқин муҳаррир, шунингдек, мусаҳҳиҳ ва дизайнерлар иштирок этди. 2025 йилда эса бадиий асарлар ва болалар адабиёти йўналишида ҳам таржималар кўзда тутилган.

Шу ўринда яна бир бор эслатиб ўтиш жоиз: ҳар бир таржимон ўз касбига сидқидилдан ёндашса, бу фақатгина адабиёт эмас, балки бутун жамиятнинг маънавий тараққиётига хизмат қилади. Айниқса, ёш авлоднинг адабиётга илк қадамларини жиддий, бадиий салоҳиятга эга асарлар орқали бошлаши ниҳоятда муҳим.

Зеро, таржима – миллатлараро маданий мулоқот воситаси, у инсон тафаккурини кенгайтиради, миллий онгни бойитади. Шунинг учун бугунги таржимонлар зиммасига катта масъулият юкланган. Улар фақатгина матнни эмас, балки фикрни, руҳни, маънавиятни ўзбек тилига олиб киришлари керак.

Дилдора ДЎСМАТОВА

ЎзА