Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш чора-тадбирлари тақдимот қилинди

Ҳаёт бор экан турмушимизда қувончли воқеалар билан бирга ҳар хил кўнгилсиз ҳолатлар ҳам учраб туради. Халқимиз «Ўт балосидан, сув балосидан…» асра деганидек, бундай хавф-хатарлар инсон ҳаётига ўрнини тўлдириб бўлмайдиган афсус-надоматларни ҳам олиб келиши мумкин. Албатта, бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун биринчи навбатда ҳар бир фуқародан эҳтиёткор бўлиш талаб этилади. Функциясига бир неча масъул вазифаларни амалга ошириш хизматлари белгиланган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан жойларда содир бўлаётган фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ишлари олиб борилиб, инсон қадри ҳамма нарсадан устун бўлган мамлакатимизда биринчи навбатда инсон омили ва бошқа кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олишда самарали ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Хўжайли тумани бўлимида Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этишнинг самарали тизимини яратишда амалга оширилаётган ишлар бўйича пресс-тур ўтказилди. Тадбирда оммавий ахборот воситалари ва бўлим ходимлари иштирок этди.
Пресс-тур давомида бўлим ходимлари томонидан ёнғин-профилактика ишлари бўйича кўргазмали машғулот тадбирлари олиб борилиб, унда ёнғин бўлган тақдирда воқеа жойига тез етиб бориш ва ёнғинни ўчириш вақтида бажарилиши лозим бўлган чора-тадбирлар маҳорат билан бажарилди. Ёзнинг жазирама иссиғида махсус кийимлар билан ловуллаб ёнаётган ёнғинга қарши бориш ва у ерда ҳар қандай қийинчиликларга қарамасдан ёнғинни тезлик билан ўчириш вазифасини бажариш бўлим ходимларининг тезкор ва малакали эканлигидан далолат бериб турди.

Шунингдек, тадбир давомида баланд биноларда ёнғин содир бўлган тақдирда қандай чора кўрилиши кераклиги, мардлик ва ҳеч қандай камчиликларга йўл қўймаган ҳолда амалга ошириш чоралари ходимлар томонидан маҳорат билан кўрсатилди.
Шундан сўнг тадбир иштирокчилар томонидан матбуот анжумани билан давом этди. Унда Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот котиби А.Абдирахманов, бошқарма бўлим бошлиғи Б.Султаниязов, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Хўжайли тумани бўлими бошлиғи Х.Эгамов ҳамда оммавий ахборот воситалари ва бўлим ходимлари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар фавқулодда вазиятлар содир бўлган жойларда амалга оширилган вазифалар бўйича маълумот берди.
Тадбирда таъкидланишича, Хўжайли тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими томонидан 2025 йилнинг 6 ойи давомида туман ҳудудида жойлашган иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳоли турар жойларида фавқулодда вазиятлар, одамларнинг ис газидан заҳарланиши, ҳаво-газ аралашмасининг портлаши, ёнғинлар ҳамда ёнғинларда одамларнинг куйиб тан жароҳати олиши ва ҳалок бўлишининг олдини олиш бўйича бир қанча ижобий ишлар амалга оширилган.

Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғининг 2025 йил 28 январь куни тасдиқланган «Табиий ва техноген характердаги фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, фуқаро муҳофазаси, ёнғин хавфсизлиги, кичик ҳажмли кемалардан хавфсиз фойдаланиш, сув объектларида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш соҳасидаги чора-тадбирларни ташкил этиш ва амалга ошириш бўйича Хўжайли тумани Фавқулодда вазиятлар бўлимининг йиллик асосий чора-тадбирлар режаси»га мувофиқ қуйидаги ишлар амалга оширилиб, шундан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 2 август кунги «Кичик ҳажмли кемалардан хавфсиз фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 484-сонли Қарорига мувофиқ, туман ҳудудидаги жисмоний ва юридик шахслар билан кичик ҳажмли кемаларни кема ҳайдовчиси гувоҳномасисиз бошқариш тақиқланганлиги тўғрисидаги тушунтириш ишлари амалга оширилиб, уларга норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган талаблар билан таништирилиб ва 6 фуқарога тегишли бўлган кичик ҳажмли кемалари техник кўрикдан ўтказилган. Туман ҳудудидан оқиб ўтувчи Амударё, Параллел ва Сувенли каналларида кичик ҳажмли кемаларни кемачилар гувоҳномасисиз бошқаришнинг олдини олиш мақсадида 19 маротаба рейд тадбирлари ўтказилган.

«Аҳолини зилзилага тайёрлаш ҳафталиги»ни ўтказиш дастурига асосан тумандаги корхона ва ташкилотларда 48 та йиғилиш учрашувлари ташкил этилиб, жами 3506 нафар ишчи-ходим иштирок этган. Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли мактабларда 25 та йиғилиш ўтказилиб, 1260 нафар ўқувчи қамраб олинган. Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли объектлар ҳамда кексалар, ногиронлар ва мурувват уйларида жами 3 та учрашув ўтказилган бўлиб, ушбу ўтказилиб келинаётган ҳафталик йиғилишларда жами 1657 та эслатма ва бошқа тарғибот материаллари тарқатилган.

Хўжайли тумани ҳокими, Фуқаро муҳофазаси бошлиғининг 2025 йил 2 май кунги «2025 йил чўмилиш мавсумида аҳолининг сувда чўкиши билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлари тўғрисида»ги 7-сонли буйруқлари ижросини таъминлаш мақсадида, жорий йилнинг 8 май куни тегишли хизматларни жалб қилган ҳолда «Чўмилиш ҳавзаларида хавфсизликни таъминлаш ҳамда кичик ҳажмли кемалар ва улар турадиган базалар (қурилмалар) дан хавфсиз фойдаланишни таъминлаш» мавзусида ўқув семинари ўтказилди. Бўлим ҳарбий хизматчилари томонидан туман ҳудудидаги чўмилиш тақиқланган жойларда чўмилаётган аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида туман ИИБ, МФ ва тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Фавқулодда вазиятларнинг эрта олдини олиш, аҳолини фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилишга ўргатиш, шунингдек, ис газидан заҳарланиш, газ-ҳаво аралашмасининг алангаланиши ва ёнғинларнинг олдини олиш бўйича «Маҳалла кесимида» ва «Оила кесимида»
тизимида корхона, ташкилот ва маҳаллаларда 130 учрашув ўтказилиб, 6485 нафар фуқаро иштирокида йиғилишлар ўтказилиб, профилактик тадбирлар амалга оширилган.

Тумандаги «Наврўз» МФЙ маҳалласида аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ва фуқаро муҳофазаси соҳасида тайёрлашда шу йилнинг 23 май куни «Куйдирги касаллигининг табиий ўчоқларидан келиб чиқиши ва тарқалишининг олдини олишда АЁҚХ масъул хизматларининг биргаликдаги ҳаракатлари» мавзусида кўргазмали махсус-тактик ўқув машғулоти ўтказилиб унга ФВДТ хизматлари ва «Наврўз» МФЙдан 167 шахсий таркиб ва 8 техника жалб этилди.
Туман ҳудудида 2025 йилнинг 6 ойи давомида 33 ёнғин содир бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 19 (135,7%) ёнғинга кўпайган (2024 йилнинг 6 ойида 14). Содир бўлган ёнғинларда инсонларнинг куйиш тан жароҳати олиш, инсонларнинг ҳалок бўлиш ҳолатларига йўл қўйилмаган (2024 йилнинг 6 ойида 0). Ёнғинлар оқибатида келтирилган моддий зарар 592 млн 568 минг сўмни (2024 йилнинг 6 ойида 472 млн 777 минг 400 сўмни) ташкил этди.

Тадбирда кун масаласи бўлган сувда чўмилиш ва сувга тушиш каби кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш чоралари алоҳида таъкидланди.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича мутахассислардан тегишли жавоб олди.
Тадбир давомида мутахассислар томонидан ёнғин хавфсизлигини сақлаш ва ёнғин содир бўлган тақдирда ходимларнинг кийим-кечак анжомлари, истеъмол воситалари кўргазмаси намойиш этилди.
Г.Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги