Бокс маҳорат мактаби фойдаланишга топширилди

Республикамизда халқ хўжалигининг барча соҳалари каби, спорт соҳасининг ривожланишига ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда мамлакатимиз Президенти томонидан болалар ва ўсмирларнинг спорт билан шуғулланишига қаратилаётган эътибор ва қўллаб-қувватлаш натижасида мамлакатимиз спортчилари кўплаб халқаро мусобақаларда, Олимпия ўйинларида ғолибликни қўлга киритиб, Ўзбекистон байроғини кўкларда ҳилпиратмоқда.
Айниқса, бунда боксчиларимиз қўлга киритаётган ютуқлар алоҳида эътиборга молик. Улар Осиё ва жаҳон чемпионатлари, Олимпия ўйинларида ўз вазн тоифалари бўйича муносиб иштирок этиб, умумжамоа ҳисобида биринчиликни бой бермай келмоқда. Бугун Олимпиада чемпионлари Баҳодир Жалолов, Ҳасанбой Дўсматов, Муроджон Аҳмадалиев, Абдумалик Халоков, Асадхўжа Мўйдинхўжаев, Лазизбек Муллажонов, Шаҳобиддин Зоиров, Фазлиддин Ғойибназаров ва бошқаларни бутун дунё танийди ва ҳурмат қилади.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлганидек, Қорақалпоғистонда ҳам бокс ривожланиб келмоқда. Рашид Сейтов, Икром Шамуратов, Шароф Айтбоев, Асқар Жуманов ва бошқа фидойи мураббийларнинг олиб борган ишлари натижасида, 2021 йил Бухоро вилоятида ўтказилган ёшлар ўртасидаги Ўзбекистон кубогида умумжамоа ҳисобида фахрли 2-ўринни эгаллаши, 2022 йил Иордания мамлакатида ўтказилган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида эркаклар ўртасида Айназар Кенесбаевнинг олтин, Суҳроб Аминовнинг бронза, Раъно Муратбоева ва Раҳима Бекниязоваларнинг бронза, 2023 йил Таиландда ўтказилган Осиё чемпионатида Рашида Тагированинг бронза, 2024 йил Қозоғистон Республикаси пойтахти Остона шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида Рахима Бекниязова ва Айсанам Сарварованинг кумуш, 2025 йил Осиё чемпионатида Артур Кенесбаевнинг бронза, Улбосин Жалғасбаеванинг кумуш медалларни қўлга киритиши юқорида айтиб ўтган фикримизни яққол тасдиқлайди.

Келажаги порлоқ ёш боксчимиз Мадияр Данияровнинг бу йил катталар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида – 60 кг вазнда олтин медални қўлга киритиши, Қорақалпоғистон бокси тарихида янги саҳифани очди. Сабаби, республикамиз боксчилари орасида 2005 йилдан буён Алибек Крабаевдан сўнг катталар ўртасида Ўзбекистон чемпиони чиқмаётган эди. Мадияр Данияров бу «ёмон анъана»ни бузиб, миллионлаб қорақалпоғистонлик спорт мухлисларини чексиз қувончга тўлдирди.
Ҳозирги кунда бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси таркибида 18 қорақалпоғистонлик спортчи бўлиб, шундан 8 таси асосий, 10 таси захира таркибига киритилган.

Албатта, спортчиларимизнинг бундай катта ютуқларни қўлга киритиши ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Бунда республикамиздаги спорт мактабларида фаолият юритаётган 114 бокс мураббийларининг меҳнати билан ёш спортчиларга яратилаётган қулай шароитлар алоҳида бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 11 декабрдаги «Болалар-ўсмирлар спорт мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 356-сонли қарорига мувофиқ моддий-техник базаси ҳамда спорт ютуқлари паст бўлган спорт мактаблари оптималлаштирилиб, бир нечта спорт мактаблари, жумладан, собиқ Республика бокс бўйича ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби 2016 йил март ойидан бошлаб янгидан ташкил этилган Республика спортнинг яккакураш турлари бўйича ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабига бириктирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2024 йил 5 март куни Тошкент шаҳридаги объектларга ташрифи давомида берилган топшириқлар бўйича 13-сонли баённомасининг 10-бандига асосан, 2024 йил сентябрь ойининг якунига қадар Нукус шаҳридаги Яккакураш турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби балансидаги бокс залини тўлиқ реконструкция қилиш вазифаси белгиланди ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг 2024 йил
31 майдаги 1660-сонли Президиум қарори билан махсус маблағ ажратилиб, эски бокс зали бузилиб, унинг ўрнига жами қиймати 3 млрд 115 млн 495 минг 218 сўм бўлган янги спорт зали қад ростлади.


Бугун ушбу бокс залининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев иштирок этди ва барча тадбир иштирокчиларини янги бинонинг халқ фаровонлиги учун фойдаланишга топширилиши билан самимий табриклади.
Шунингдек, республикамиз раҳбари ўз сўзида, давлатимиз Президенти томонидан Қорақалпоғистонни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича чиқарилган Фармон ва қарорларни юқори баҳолаб, республикамизда олиб борилаётган кенг кўламли ишларни, шу жумладан спорт соҳасида юз бераётган янгиланиш ва ўзгаришларни фахр билан таъкидлаб ўтди.



– Ёшларимизнинг спорт билан шуғулланиши учун Президентимизнинг ғамхўрлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўллаб-қувватлаши билан республикамизнинг барча ҳудудларида кўплаб ижобий ишлар амалга оширилмоқда,-деди республикамиз раҳбари.-Шулар қаторида Нукус шаҳрида қурилаётган Гимнастика маркази, Кураш маҳорат мактаби, Турон стадионининг қурилишини айтиб ўтиш мумкин. Энди спортчиларимиз барча қулайликларга эга спорт залларида машғулотлар олиб боради ва халқимиз улардан яхши натижалар кутиб қолади.
Маросимда «Нуроний» жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошлиғи Т.Абдижаббаров, нуроний спортчи А.Казаковлар сўзга чиқиб, ёшларимизга шундай қулай шароитларни яратгани учун юртимиз раҳбариятига катта раҳматлар айтди.
Сўнгра бино олдига тортилган анъанавий лента кесилиб, иштирокчилар спорт залининг ички имкониятлари билан яқиндан танишди ва бокс бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилаётган Қорақалпоғистон чемпионатини томоша қилди.
Тантанали маросимда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари Рустам Сапарбаев, Ўзбекистон бокс федерацияси бош мутахассиси Сардор Тошходжаев иштирок этди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси