Сенат қўмиталари ва маҳаллий кенгашлар доимий комиссиялари ҳамкорлиги кучайтирилмоқда

Олий Мажлис Сенати томонидан маҳаллий кенгашлар доимий комиссиялари аъзоларининг билим ва кўникмаларини ошириш, қонунчиликдаги янгиликлардан хабардорлигини кучайтириш ҳамда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида тизимли равишда семинар ва амалий тадбирлар ўтказилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгаши доимий комиссиялари раҳбарлари Сенат қўмиталари фаолияти билан яқиндан танишди.

Шу кунларда халқ депутатлари Жиззах вилояти кенгаши котибияти ходимлари ҳам Сенат ҳузуридаги Ҳудудий вакиллик органлари фаолиятини ўрганиш марказида амалиёт ўтамоқда.
Мазкур амалиёт доирасида Сенат қўмиталари ва Марказ фаолияти билан танишиб, маҳаллий кенгашларнинг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда маҳаллий вакиллик органларининг иштироки ва ташаббускорлигини кучайтириш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Шунингдек, қонун ижодкорлиги жараёнида маҳаллий кенгашлар депутатларининг фаол иштирокини таъминлаш, уларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олиш, қабул қилинаётган қонунларда ҳудудий хусусият ва эҳтиёжларни акс эттириш бўйича амалий кўникмалар шакллантирилмоқда.
Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссия раиси ўринбосари, сенатор Гулнора Маруфова билан учрашув ҳам ўтказилди.
Унда маҳаллий кенгашлар ва доимий комиссиялар фаолиятини янада такомиллаштириш, Сенат қўмиталари ҳамда маҳаллий ҳокимият органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, маҳаллий ижро ҳокимияти фаолияти устидан самарали депутатлик назоратини амалга ошириш масалаларига эътибор қаратилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА