Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернатига кириш имтиҳонлари ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 майдаги «Президент иқтидорли фарзандлари» ташаббусини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига биноан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимида Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернати ташкил этилди.
Мазкур мактаб тўлиқ академик, ташкилий-бошқарув ва молиявий жиҳатдан мустақил давлат умумий ўрта таълим ташкилоти ҳисобланади.
2025-2026-ўқув йили учун Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернатига кириш учун ҳужжатлар июнь ойида онлайн қабул қилинди.
Мазкур вақт давомида 16 минг 532 та талабгор ўқувчидан ариза келиб тушди ҳамда бир ўринга ўртача ҳисобда 103 нафар талабгор тўғри келмоқда.
Имтиҳон синовлари икки босқичда бўлиб ўтиши режалаштирилган бўлиб, жорий йилнинг 12 июль куни 1-босқич кириш имтиҳонлари мамлакатимизнинг 13 та ҳудудида ўтказилди.
Синов жараёнлари Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 27 майдаги 214-сон қарори асосида математика ва инглиз тили фанларидан (ҳар бир фан бўйича 40 та топшириқдан иборат тест шаклида) ташкил этилди.



Математика фани учун 90 дақиқа, инглиз тили фани учун 40 дақиқа вақт берилди.
Иккинчи босқичда биринчи босқич натижалари бўйича энг юқори натижа қайд этган 300 нафар номзод учун синовлар ташкил этилади.
Жараёнлар июль ойи якунига қадар Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, бунда номзодлар математика фанидан 5 та масала ва инглиз тилидан 4 та ёзма иш (эссе) ёзишлари талаб этилади.
Иккинчи босқич имтиҳонда энг юқори натижа қайд этган 60 нафар ўқувчи мактабга қабул қилинади.
Мазкур халқаро мактабга бу йилги 8-синф битирувчилари орасидан 60 нафар ўқувчи саралаб олинади ва улар 3 та йўналишда ўқитилади.
Мактаб битирувчиларига давлат намунасидаги таълим тўғрисидаги ҳужжат (шаҳодатнома) билан бир қаторда, етакчи хорижий олий таълим ташкилотларига ўқишга кириш имкониятини берувчи халқаро таълим дастури дипломи берилади.
Мактабда ўқувчилар инглиз тилидан ташқари камида яна битта қўшимча хорижий тилга ўқитилади.
Н.Насриев, Р.Назарматов (сурат), ЎзА