Ўзбекистонда 6 ойда 23 мингдан ортиқ ҳолатда ўткир юқумли ичак касалликлари рўйхатга олинган

123

Ёз фаслида кўпроқ болалар ўртасида ўткир юқумли ичак касалликлари тез-тез учраб туради. Бу касалликларни турли микроорганизмлар келтириб чиқаради. Ўткир юқумли ичак касалликларига қорин тифи, сальмонеллёз, ичбуруғ, вирусли гепатитнинг “А” тури, вабо ва бошқа бир қатор юқумли касалликлар киради. Бу касалликларни аксар ҳолларда бактериялар ва вируслар қўзғатади.

ЖССТ маълумотларига кўра, дунёда ҳар йили 1 миллиарддан ортиқ диарея касалликлари билан оғриган беморлар рўйхатга олинади, улардан 5-10 миллион бемор вафот этади.

Санэпидқўмита мутахассислари томонидан олиб борилган таҳлилларга кўра, юртимизда 2025 йилнинг 6 ойи давомида қарийб 23 минг 558 ҳолатда ўткир юқумли ичак касалликлари рўйхатга олинган. Ҳудудлар кесимида олиб қаралганда Тошкент шаҳри, Қашқадарё, Сирдарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида энг юқори кўрсатгичда ушбу касаллик қайд этилган.

Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Мафтуна Саидова АОКАда ўтган брифингда батафсил маълумот берди:

– Ёш жиҳатдан энг кўп ҳолат кичик ёшдаги болалар ўртасида (1 ёшгача бўлган болаларда 5000 дан ортиқ, 1-3 ёшдаги бўлган болалар орасида 7678, 4-6 ёшдагиларда 3184, 7-14 ёшдагиларда қарийб 2000 та, 15-19 ёшдагиларда 756, 20 ва ундан катта ёшдагиларда 4938 ҳолат) учрайди.

Мутахассисларнинг ўрганишларига кўра, ўткир юқумли ичак касалликлари ёз ойларда кўпроқ учрашига бир қанча омиллар сабаб бўлади. Яхши сақланмаган ва узоқ муддат туриб қолган овқатларни истеъмол қилганда, ёш болалар истеъмол қилиши учун мўлжалланган сунъий овқатларни тайёрлаш қоидаларига риоя қилинмаганда, ҳўл мевалар яхши ювмасдан истеъмол қилинганда, очиқ сув ҳавзаларида чўмилганда сув билан микробларнинг организмга тушиши натижасида, ушбу касаллик билан оғриган бемор билан мулоқотда бўлганда, сифати кафолатланмаган антисанитар ҳолатда сотилаётган тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари, салқин ичимликлар, шарбатлар, айрон ва бошқа ичимликларни истеъмол қилиш ҳам ўткир юқумли ичак касалликларининг қайд этилишига сабаб бўлиши мумкин.

Ўткир юқумли ичак касалликлари асосан 3 ёшгача бўлган болаларда кўпроқ учраётганини инобатга олиб, болалар парваришида гигиеник тавсияларга амал қилиш муҳим саналади.

Қайнатилган сув ва озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш ҳамда шахсий гигиена қоидаларига пухта амал қилиш ўткир юқумли ичак касалликларининг олдини олишнинг гаровидир.

Моҳигул Қосимова, ЎзА