Ёшлар таълими, касбий тайёргарлиги ва имкониятлар тенглиги эътиборда

108

15 июль – Бутунжаҳон ёшлар кўникмалари куни

Халқимизда дарахт экиб, боғ яратиш, улуғ амал сифатида қадрланади. Дарахт, бу – келажакка умид тимсоли. Ёшларни қўллаб-қувватлаб, келажагига замин яратиш эса, жамият боғини яратиш билан баробардир.

Юртимизда ҳам ёшларнинг аввало эл корига яраши, жаҳон майдонларида ўзининг муносиб илми билан тура олиши учун имкониятлар яратиб келинмоқда. Бунинг учун уларнинг замонавий кўникмалар билан меҳнат бозорида ўз ўрнига эга чиқиши давр талабидир. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ёшларнинг рақамли саводхонлигини ошириш, инновацион фикрлашни ривожлантириш, чет тилларини билиш даражасини кўтариш ва тадбиркорлик салоҳиятини кучайтириш устувор вазифалар сифатида белгиланган. Бу чоралар халқаро даражада тан олинаётган “яшил иқтисодиёт”, рақамлаштириш ва инклюзив ривожланиш каби тенденцияларга мос келади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 2014 йилда ёшларга муносиб иш ва тадбиркорлик имкониятларини яратишда зарур бўлган кўникмаларни ўргатишнинг долзарб аҳамиятини эътироф этган ҳолда, 15 июль санасини – Бутунжаҳон ёшлар кўникмалари куни сифатида белгилади. Бундан кўзланган асосий мақсад ёшларнинг замонавий меҳнат бозорида ўз ўрнини топиши, рақобатбардош кўникмаларга эга бўлиши ва барқарор ривожланиш жараёнларида фаол иштирокини таъминлашдан иборат. Дунё ҳамжамияти томонидан бу санани нишонлаш орқали ёшлар таълими, касбий тайёргарлиги ва имкониятлар тенглигини таъминлаш масаласига эътибор қаратилади.

Шу маънода 15 июль – Бутунжаҳон ёшлар кўникмалари куни нафақат глобал мулоҳазаларга чорловчи сана, балки ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган кенг қамровли ислоҳотларни акс эттирувчи кўзгудир.

Абдулазиз РУСТАМОВ,  

ЎзА