Грант танлови: Битта лойиҳа 200 миллионгача молиялаштирилмоқда

165

Бугун АОКАда Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди Ахборот хизмати раҳбари Ортиқхўжа Норов иштирокида ўтказилган брифингда Жамоат фонди томонидан эълон қилинган давлат гранти танлови якунлари ҳақида маълумот берилди.

Унда қайд этилганидек, аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий муҳофаза ва соғлиқни сақлаш, атроф-муҳит ва санитар-гигиеник ҳолатни яхшилаш, таълим, маданият ва спортни ривожлантириш, коррупцияга қарши курашиш каби йўналишларни қамраб олган грант танловига фуқаролик жамияти институтларидан ngo.gov.uz платформаси орқали жами 850 та лойиҳа тақдим этилган. Жумладан, Жамоат фонди томонидан эълон қилинган 14 та грант танловига 521 та, Жамоат фондининг ҳудудий бўлинмалари томонидан эълон қилинган 14 та грант танловига 329 та лойиҳа тақдим қилинган. Таҳлилларга кўра, уларнинг 66 фоизи нодавлат нотижорат ташкилотлари, 29 фоизи маҳалла фуқаролар йиғини ва 4 фоизи эса оммавий ахборот воситалари улушига тўғри келади.

Баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб, Парламент комиссияси 28 та танловнинг 166 та йўналиши бўйича 172 та лойиҳани ғолиб деб топди ва ушбу лойиҳаларга 18 млрд. сўмга яқин маблағ йўналтирилади.

Таъкидланганидек, лойиҳалар ҳудудлар кесимида мутаносиб равишда тақсимланган ва битта лойиҳа 200 миллион сўмгача молиялаштирилмоқда.

Шунингдек, Жамоат фондига 25 та давлат органининг 55 та ижтимоий буюртма лойиҳаси тақдим этилган. Парламент комиссияси ушбу талабномаларни долзарблиги бўйича ўрганиб чиқиб, 10 та давлат ташкилотининг жами 24 миллиард сўмлик 11 та ижтимоий буюртмаси танлаб олинган.

Брифингда коррупцияга қарши курашиш, ижтимоий ҳимоя, тиббиёт, таълим, маданий мерос, аҳоли муҳофазаси, жамоатчилик назорати каби соҳалардаги давлат ижтимоий буюртмалар танловига фуқаролик жамияти институтлари жорий йил 11 августга қадар ҳужжатларни тақдим этиши мумкинлиги айтиб ўтилди.

М.Комилова, ЎзА