Миллий маҳсулотларимиз Хитой инвестиция ва савдо ярмаркасида

93
Ганьсу музофоти Ланьжоу шаҳрида бўлиб ўтган 31-Хитой инвестиция ва савдо ярмаркасида Ўзбекистон миллий маҳсулотлари намойиш этилди.

50 давлат ва Хитойнинг 28 провинциясидан бизнес уюшмалари, халқаро ташкилотлар тўпланган ярмаркада 4000 дан зиёд корхона, 40 000 га яқин вакил иштирок этди.

Мамлакатимиз павильонидан юртимиз экспорт ва сайёҳлик салоҳиятини акс эттирувчи ҳунармандлик, ёғоч ўймакорлиги, ипак ва кулолчилик, гилам, тўқимачилик маҳсулотлари, шунингдек халқ амалий санъати намуналари ўрин олган.

Маҳаллий ташриф буюрувчиларга республикамизнинг экспорт ва сайёҳлик имконияти ҳақида хитой тилида маълумот бериляпти, қадимий шаҳарларимиз маданияти ҳақида ҳикоя қилувчи видео лавҳалар намойиш этиляпти.

Ушбу кўргазмада иштирок этиш ҳунармандларимиз маҳсулотини Хитой бозорига янада кўпроқ чиқариш имконини беради. Эътиборлиси, жуда кўп хорижий тадбиркорлар, ишбилармонлар Ўзбекистон билан ҳамкорликка жиддий қизиқиш билдирмоқда.

Таъкидлаш жоиз, Хитойнинг турли ҳудудларида мамлакатимизнинг бой тарихи ва маданияти тақдим этилиши, экспорт маҳсулотларимиз намойиш қилинаётгани Ўзбекистон товарлари Чин бозорига кенг кўламда бориши, маҳаллий истеъмолчилар ишончини қозонишига хизмат қилмоқда.

Г.Сатторова, ЎзА