Туркияда Беҳбудий таваллудига бағишланган халқаро илмий анжуман ўтказилади

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, хусусан, маърифатпарвар боболаримизнинг ҳаёти ва ижтимоий фаолияти, илмий-ижодий меросини чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш, асарларини кенг оммалаштириш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 27 декабрдаги “Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ҳам бу борадаги муҳим ташаббуслардан биридир.
Қарорда Беҳбудий меросини ўрганиш юзасидан кўплаб устувор вазифалар белгилаб берилган. Шундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ) Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Анқара Ҳожи Байрам Вали университети билан ҳамкорликда Туркиянинг Анқара шаҳрида “Маҳмудхўжа Беҳбудий меросининг туркий халқлар тарихида тутган ўрни” мавзусида халқаро илмий анжуман ўтказишни режалаштирмоқда.
Ушбу халқаро тадбирни юқори савияда ташкил этиш масалалари юзасидан видеоконференцалоқа шаклида муҳокама йиғилиши ўтказилди.
Ўзбекистоннинг ТУРКСОЙдаги вакили Шавкат Ортиқов олиб борган йиғилишда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Маданият вазирлиги масъул ходимлари, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Анқара Ҳожи Байрам Вали университети, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессорлари ўз таклиф ва мулоҳазалари билан иштирок этди.
Анжуманда туркий давлатларнинг катта илмий салоҳиятга эга бўлган ва Туркистон жадидлик ҳаракати деб ном олган тарихий ҳодисани ҳар томонлама ўрганиб келаётган бир қатор олимлари ўз маърузалари билан иштирок этиши кутилмоқда.
Тадбир доирасида Маҳмудхўжа Беҳбудий меросига бағишланган кўргазма ҳамда спектакль намойишини ташкил этиш кўзда тутилаётгани билдирилди.
Шунингдек, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг танланган асарларини турк тилига таржима қилишга киришилган бўлиб, у ТУРКСОЙ томонидан тўплам ҳолида нашр этилиб, тадбирда тақдим қилиниши кутилмоқда. Бу туркий халқларнинг улуғ маърифатпарвар бобомиз мероси билан янада яқинроқ танишишига кенг имконият яратади.
Йиғилишда шу каби қатор масалалар кўриб чиқилиб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Назокат УСМОНОВА,
ЎзА мухбири