Кубокнинг барча ғолиблари аниқ бўлди

137

Кеча Нукус шаҳрида «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида футбол бўйича «Давлат хавфсизлик хизмати кубоги»нинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичининг финал ўйини бўлиб ўтди.

Кубок соҳибини аниқлаш учун ўтказилган ўйинда Нукус шаҳри ёшлари Нукус тумани жамоаси билан учрашди.

Кескин курашлар остида ўтган учрашув якунида, оқманғитлик футболчилар майдон эгаларини 0:1 ҳисобида мағлуб этишга муваффақ бўлди.

Учинчи ўрин учун ўтказилган ўйинда эса, Чимбой тумани ёшлари Қўнғирот тумани жамоасига 1:2 ҳисобида ютқазиб қолди ва мусобақани 4-ўрин билан якунлади.

Маълумот учун айтадиган бўлсак, мини-футбол бўйича ўтказилган «Давлат хавфсизлик хизмати кубоги»нинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида йигитлар ўртасида Қораўзак, қизлар ўртасида Амударё туманлари жамоалари биринчи ўринни эгаллаган эди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.