Меҳнат камбағалликдан  қутқариб, фаровонликка етказади.

201

«Деҳқончилик бари беш, чорвачилик унга эс,» -деб деҳқончиликка қўша чорвачиликнинг ҳам тилини топиб, кун кўрган ота-боболаримиз доимо фаровон турмуш кечиришга интилиб яшаган. Бугунги кунда ҳам меҳнат қилган одамнинг талаби юришиб, жамиятда ўз ўрнини топиб, оиласига ҳам, халққа ҳам фойдаси тегмоқда.

Мамлакатимизда олиб борилаётган «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури ечимида ҳам айнан меҳнат қилиш ва дангасаликдан қутулиб, доимий ҳаракатда бўлиш орқали яхши натижаларга эришишга ундайди. Биз буни халқимиз орасида бўлиб,  меҳнаткаш инсонлар билан танишиб юриб,  Хўжайли тумани»Саманкўл» ОФЙда яшовчи Жиенбай Сапарниязовнинг мисолида кўриб яна бир марта гувоҳи бўлдик.

Сайхунобод тажрибаси асосида иш олиб бораётган Жиенбой оға 2020 йили карантин даврида бўш ўтирмасдан уй ёнига 4 ярим сотих ерга иссиқхона қуриб, полиз маҳсулотларини эка бошлайди. Баҳорда помидор, кузги мавсумга бодринг экиб, икки марта ҳосил йиғиб олиш орқали иш самарадорлигини оширган у, оила аъзолари билан бирга помидордан 3 тонна, кузги бодрингдан 3,4 тоннача бодринг йиғиб олиб, ички бозорга чиқариш орқали хонадонида фаровонликка эриша бошлайди. Шунингдек, у уй ёнида мева турларини кўпайтириб, шафтоли, ўрик, узум, олма, нок мевали дарахтларини кўкартириб, картошка, полиз маҳсулотларидан ҳам мўл ҳосил олиб, гуллар, ям-яшил арчаларни экиб, уй ёнини мисли гўзалликка айлантирган меҳнаткаш инсон. Деҳқончилик билан бирга у яқинда чорвачиликка ҳам ўтиб, гўшт-сут маҳсулотлари етиштиришга бел боғлади.

– Жорий йил бошида ҳоким ёрдамчиси кўмагида имтиёзли кредит олиб, чорвачилик ишларимизни такомиллаштиряпмиз. Яъни, ўзимизнинг маҳаллий қорамолларнинг зотларига қўшимча Қозоғистондан олиб келинган зотли қорамолларни олиб, гўшт маҳсулотини етиштиряпмиз. Кеча яқинда учта ҳўкизни гўштга топшириб, 1 тоннадан ортиқ гўштни сотувга чиқардик. Бу ишларда турмуш ўртоғим ва икки ишчининг бандлиги таъминланган. Бу орқали хонадонимизда фаровонликка эришиш билан бирга, халқимизга гўшт маҳсулотларини етказиб келяпмиз.

Ҳар нарсага қизиқишнинг асосида бир сабаб бўлгани каби, Жиенбой оғанинг Тошкент шаҳрида иссиқхонада ўн йил давомида ишлаб келиши унинг келажагига кўп фойда келтирган жиҳатлари бор. Ўша тажриба бугун унинг олдидан чиқмоқда. Ўз билимини Сайхунобод тажрибаси билан ошираётган унинг бугунги ҳаётидан кўнгли тўқ. Ўтган йили помидорнинг Ураган навини экишган бўлса, бу йил Дантини навини экиб кўнгилдагидек  ҳосил олиб турган у «Меҳнат қилсанг эринмай, тўяди қорнинг тиланмай» деган сўзни қайта-қайта такрорлади. Демак, қишнинг қировли кунида тоза полиз маҳсулотини иссиқхонасидан етиштириб, чорвачиликда мўл ҳосил олишга эришаётган бугунги давр қаҳрамонларининг бири бўлган хўжайличи Жиенбой оғанинг меҳнат йўлини барчага ўрнак қилсак арзийди.

Гулнора Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.