Меҳнатсевар фуқаро асаларичиликни ривожлантирмоқда

119

Амударё туманида жойлашган Арнабўйи маҳалласида йиллар давомида барчага яхши таниш, меҳнат ва бараканинг рамзига айланган соҳалардан бири — бу асаларичиликдир.

Айнан шу маҳаллада истиқомат қилувчи, фидокорона меҳнати ва қатъиятли саъй-ҳаракатлари билан нафақат ўз оиласини, балки бутун жамиятни шифобахш неъмат — табиий асал билан таъминлаб келаётган инсонлардан бири — Мақсуд Абдураҳмонов ҳисобланади.

У асаларичиликка дастлаб қизиқиш асосида қадам қўйган. Бир неча кичик уядан иборат бўлган асаларилар билан иш бошлаган бу фаолият бугунги кунда тўлақонли, бир неча оилани қамраб олган асаларичилик хўжалигига айланди. Унинг бу соҳада эришган ютуқлари тасодифий эмас — билимга суянган, тажрибага асосланган, меҳнат ва сабр талаб қилувчи узоқ йиллик фаолият самарасидир, – деб маълумот беради туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими.

Маҳалладаги кўплаб ёшлар бу соҳада Мақсуд аканинг фаолиятини намуна деб билишади. У ўз билим ва кўникмаларини бошқалардан аямай, асалариларни парваришлаш, уларни касалликлардан асраш, сифатли асал етиштириш каби мураккаб жараёнларни ёшларга пухта ўргатиб келмоқда. Бугунги кунда унинг кўплаб шогирдлари мустақил иш бошлаб, асаларичиликни оилавий даромад манбаига айлантиришга эришмоқда.

Асаларичилик фақатгина иқтисодий жиҳатдан эмас, балки экология, озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом турмуш тарзи нуқтаи назаридан ҳам жуда муҳим соҳадир. Арнабўйида М.Абдураҳмонов каби инсонларнинг борлиги маҳалланинг иқтисодий ва маънавий ҳаётида ижобий ўзгаришларни келтириб чиқармоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги