Ғайрати жўш урган Байрамгул опа

Бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизлар учун яратилаётган имкониятлар уларнинг барча соҳаларда ўз салоҳиятини намоён этишига кенг йўл очмоқда.
Айниқса, қадимий ҳунарларни ўрганиш ва уни замонавийлаштириш, миллийлаштиришда фаол аёллар сафи тобора кенгаймоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай тумани Тазабазар маҳалласида яшовчи Байрамгул Бекбергенова ҳам ана шундай фаол аёллардан. У миллий ҳунар – кигиз босиш ва жундан ип йигириш сирларини ўрганишга бел боғлаган. Бу йўлда унга устоз сифатида юртимизда кенг танилган, «Дўстлик» ордени соҳибаси, тажрибали ҳунарманд Алтинай Наубетова йўл кўрсатмоқда.
Маълумки, Ўзбекистонни 2030 йилгача ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепциясида 2022-2025 йилларда қайта ишловчи тармоқларни жадал ривожлантириш, янги бозор ва ишлаб чиқариш тузилмаларини шакллантириш, 2026-2030 йилларда экспортга йўналтирилган маҳсулот турларини ишлаб чиқаришни такомиллаштириш назарда тутилган.

Жун толасини ип олиш жараёнига тайёрлаш учун унга бирламчи ишлов бериш жараёнлари технологиясини ишлаб чиқиш, жун толаси асосидаги экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулотларнинг янги бозорларини яратиш муҳим аҳамиятга эга.
Маълумки, юртимизда меҳнат ресурслари тез ўсиши шароитларида бандликни таъминлаш муаммоси янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш учун қулай шарт-шароитлар яратишни талаб қилади. Бу борада маҳаллий жун толасига бирламчи ишлов бериш, юқори сифатли ип олиш, унинг асосида мато ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича кичик корхоналар яратиш республикамиз аҳолиси, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш муаммосини ҳал этади.

Устоз кўрган шогирд сифатида Байрамгул опа ҳам ўз устида доимий изланишда. У ҳунармандчиликни пухта ўрганиш билан бирга, келгусида бу касбга меҳр қўйган аёлларга устозлик қилишни, уларга миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва амалий санъатга айлантириш йўлида сабоқ беришни мақсад қилган.
Гулноза Бобоева, ЎзА