Хўжаликчи ёшларга янги имкониятлар эшиги очилмоқда

Мамлакатимизда олиб борилаётган Ёшлар сиёсати асосида юртимизда кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилиб, ёшлар учун барча имкониятлар яратилмоқда. 2024 йил 19-20 август кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида берилган топшириқларга мувофиқ, Хўжайли туманида «Ёшлар маркази»ни қуриш белгиланган эди Яқиндагина 30 июнь Ёшлар куни муносабати билан юртимизда ўтказилган байрам хўжайличи ёшлар учун янги имкониятлар эшигини очиб, янгилик билан улашиб кетди. Яъни, 11 июль куни туманда ёшлар учун барча қулайликларга эга бўлган «Ёшлар маркази» биноси фойдаланишга топширилди.

Хўжайли тумани ҳокимлиги балансидаги «Қумбиз» маҳалласида жойлашган 3 қаватли бинода «Ёшлар маркази» фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида бино реконструкцияси учун «Ташаббусли бюджет» ҳисобидан 1,3 млрд.сўм, Хўжайли тумани маҳаллий бюджети ҳисобидан 400,0 млн.сўм, мебель ва жиҳозлар учун Ёшлар ишлари агентлиги ҳисобидан 637,0 млн.сўм маблағ ажратилиб, «Нукус Техника қурилиш» МЧЖ томонидан қурилиш, таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Марказнинг 1-қаватида «Заковат» интеллектуал ўйинлари, шахмат ва шашка тўгараги, Ёшлар кутубхонаси, 2-қаватида инглиз, немис ва рус тили тўгараклари, математика, ИТ ва робототехника, конференция зали, 3-қаватида катта мажлислар зали ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги Хўжайли тумани бўлими жойлашган бўлиб, замонавий инвентарлар билан таъминланган.

– Илгари Ёшлар ишлари агентлигининг ўз биноси бўлмагани сабабли қийинчилик туғдириб келаётган эди. Мана энди, Ёшлар марказининг очилиши туманимиз ёшлари учун катта янгилик бўлди. Марказдан бир вақтнинг ўзида 300-350 нафар ёш ўз интеллектуал салоҳиятини ошириши мумкин. Кунига 450-500, ҳафтасига 2700-3000, ойига 11-12 минг нафар ёшлар турли лойиҳа ва тадбирларга қамраб олинади. Бундай имкониятлар орқали туман ёшларининг бўш вақтлари банд қилиниб, янги марраларни эгаллашга замин яратиши аниқ, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Хўжайли тумани бўлими бошлиғи Ислом Абдижаппоров.

Ушбу марказ ёшларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, интеллектуал ва ижодий қобилиятларини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, ёш авлодни илм-фан ва хорижий тилларга муваффақиятли ўқитишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Г.Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги