2025-2026 йилларда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича устувор лойиҳалар рўйхати тасдиқланди

186

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “2025-2026 йилларда сунъий интеллект технологиялари соҳасида устувор лойиҳаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ: 

а) 2025-2026 йилларда Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги тизимидаги ҳамда уларнинг иштирокидаги ташкилотлар томонидан сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича устувор лойиҳалар рўйхати;

б) 2025-2026 йилларда вазирлик ва идоралар томонидан амалга ошириладиган сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича устувор лойиҳалар рўйхати тасдиқланди.

Мазкур қарорда белгиланган устувор лойиҳалар Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан Рақамли технологиялар вазирлигига ажратилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади. Лойиҳаларни амалга ошириш доирасида ишлаб чиқилган ахборот тизимлари ва дастурий таъминотлар  манфаатдор вазирлик ва идораларнинг маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Қарорда белгиланган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги тизимидаги ҳамда уларнинг иштирокидаги ташкилотлар ўртасида танлов ўтказишга рухсат берилади.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети учун 2026 йил 1 июнга қадар сунъий интеллект технологияларини амалга ошириш бўйича параллель ҳисоблаш, машинавий ўқитиш ва бошқа лойиҳалар учун зарур бўлган график ишлов бериш блокларини (GPU) ўз ичига олган юқори самарали ҳисоблаш кластери ҳамда катта маълумотлар базаси сервер қурилмалари харид қилинади.

Маълумот учун. Олдинроқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 октябрдаги ПҚ 358-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги тузилмасидаги “Рақамли иқтисодиёт тадқиқотлари маркази” давлат муассасаси негизида “Сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш маркази” давлат муассасаси ташкил этилган эди.

ЎзА