Экинлардан мўл ҳосил олиш сирлари ўрганилди

108

Тахиатош туманидаги Найманкўл овул фуқаролар йиғинида жойлашган «Санабар Сапарбаева» ва Хўжайли туманидаги Саманкўл овул фуқаролар йиғинида жойлашган «Шукурулла Тўлғаной» фермер хўжалиги дала майдонларида қишлоқ хўжалиги соҳасининг илғор вакиллари ва фермерлар учун ўқув-семинар ташкил этилди.

 Семинарларда Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари А.Кўзиев ва туман ҳокимининг ўринбосарлари иштирок этди.

Семинарда ғўза майдонларида агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш, ўғитлаш, зараркунандаларга қарши курашиш ва ҳосилдорликни оширишнинг замонавий усуллари муҳокама қилинди.

А.Қўзиев картошка экиш жараёнини амалда кўрсатиб берди. Амалий ишлар фермерлар учун фойдали бўлиб, улар картошка экишнинг илғор усуллари билан танишди ва ўз тажрибаларини ошириш имкониятига эга бўлди.

Бундай семинарлар қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, ҳосилдорликни ошириш ва фермерларнинг билимини оширишга қаратилгани билан аҳамиятли, албатта.

Қонликўл туманидаги Наврўз овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган «Тоир Қорахўжа» фермер хўжалигига тегишли ғўза даласида ҳам ғўза парвариши бўйича долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Ғўза парвариши агротехник тадбирлари, шарбат усулида суғориш, ғўза қатор ораларини шудгорлаш, агрегатларни «балиқ қопи» усулида қоплаш, ғўзани чилпиш ишларини ўз вақтида сифатли амалга ошириш масалаларига бағишланган амалий кўргазмали семинар кенгашда туман фермерлари ва тегишли мутахассислар иштирок этди.

Семинарда Қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари А.Қўзиев, туман ҳокими Б.Султонов ва бошқа мутахассислар ғўза парваришида кечиктириб бўлмайдиган вазифаларга тўхталди.

Шунингдек, ғўза зараркунандаларига қарши курашишда тегишли препаратлардан ўринли фойдаланиш, биологик ва кимёвий йўллар билан зараркунандаларга қарши курашиш афзалликлари ҳақида маълумотлар берилди.

Пахтачиликда юқори ҳосил олишга бағишланган ўқув семинари Шуманай туманидаги Деҳқонобод овул фуқаролар йиғинида жойлашган «Айбек Ўтеўлиев» фермер хўжалиги даласида ҳам бўлиб ўтди.

Унда Қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари А.Қўзиев, соҳа мутахассислари, фермер хўжаликлари раҳбарлари ва қишлоқ хўжалиги соҳасининг илғор вакиллари иштирок этди.

Семинарда мутахассислар пахта майдонларига ўғит солиш, зараркунандаларга қарши курашиш, культиваторларни ўраш технологияси ва картошка экиш ишларини илмий асосда ташкил этиш бўйича батафсил маълумотлар берди. Бу маълумотлар фермерларга пахта етиштиришда янги усулларни қўллаш ва ҳосилдорликни оширишга ёрдам беради.

– Бундай семинарлар пахта етиштириш билан шуғулланаётган фермерлар учун тажриба алмашиш, агротехник тадбирлар самарадорлигини ошириш ва келгусида юқори ҳосил олишда муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, семинарда ғалладан бўшаган ерларга картошка, мош ва бошқа экинларни экиш бўйича усуллар тақдим этилди. Ҳозирги вақтда пахтанинг биринчи сувини бериб, энди парваришлаш ишлари билан шуғулланяпмиз. Семинарда фермерлар янги билим ва кўникмаларга эга бўлиб, уларни ўз фаолиятида қўллаш имкониятига эга бўлди, – дейди фермер А.Ўтеўлиев.

Семинарларда иштирокчилар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.