АҚШ технология компаниялари 94 минг иш ўрнини сунъий интеллект билан алмаштирди

160

2025 йил бошидан бери АҚШдаги йирик технология компаниялари ишчи кучини кескин қисқартиришда давом этмоқда. Расмий статистикага кўра, сунъий интеллект (СИ) ва автоматлаштириш технологияларининг кенг жорий этилиши туфайли 94 мингдан ортиқ мутахассис ўз иш ўрнидан маҳрум бўлган.

Мутахассисларнинг айтишича, бу жараён айниқса дастурлаш, маълумотларни таҳлил қилиш, мижозларга хизмат кўрсатиш ва ҳатто ижодий соҳаларда ҳам сезиларли бўлмоқда. Кўплаб компаниялар инсон ресурсларини қисқартириб, генератив сунъий интеллект воситалари ёрдамида тезроқ ва арзонроқ хизмат кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Мисол учун, баъзи АТ-гигантлар код ёзиш, ҳужжатлар тайёрлаш ёки мижозлар билан мулоқотни автоматлаштириш учун ChatGPT, Gemini, Copilot каби илғор технологияларга ўтмоқда. Натижада, илгари жамоа бўлиб бажариладиган вазифалар эндиликда бир неча дақиқада СИ томонидан адо этилмоқда.

Шунингдек, компаниялар бундай ўзгаришларни ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, рақобатбардошликни сақлаб қолиш ва харажатларни камайтириш воситаси сифатида кўрмоқда. Бироқ бу тенденция ишчилар ва касаба уюшмалари томонидан танқид қилинмоқда. Улар автоматлаштириш ижтимоий тенгсизликни кучайтириши, ишчи кучининг ихтисослашмаган қатламларини ишсизликка олиб келиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.

Иқтисодчилар фикрича, бу жараён ҳали давом этади. Сунъий интеллект технологиялари такомиллашгани сари, иш бозоридаги кўплаб анъанавий лавозимлар ўз долзарблигини йўқотиши мумкин. Шу билан бирга, янги технологиялар билан ишлай оладиган мутахассислар учун янги имкониятлар ҳам яратилмоқда.

БМТ ва Жаҳон банки каби халқаро ташкилотлар ҳам ишчи кучининг қайта тайёрланиши ва янги кўникмаларни эгаллаши учун ҳукуматлар ва компанияларни фаол чоралар кўришга чақирмоқда.

Мадинабону Насриева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА