Қишлоқ хўжалигида самарали инвестициялар

Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Нукус туманидаги илғор фермер хўжаликлари фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун пресс-тур ташкил этилди.
Пресс-тур иштирокчилари дастлаб тумандаги «Биогумус» фермер хўжалигига олиб борилди. Мазкур хўжалик 2018 йилдан буён «Қуёшда қуритилган экологик тоза органик помидорлар тайёрлаш ва экспортини кенгайтириш» лойиҳасини муваффақиятли амалга ошириб келмоқда.


Лойиҳа учун 320 миллион сўмлик маблағ йўналтирилган. 2022 йилда ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида 5,7 миллиард сўмлик инвестиция жалб қилиниб, 300 тонна сиғимдаги замонавий музлаткичли омборхона ва қадоқлаш ускуналари ўрнатилди.
«Биогумус» фермер хўжалиги томонидан қайта ишланган помидор маҳсулотлари ECOCERT ORGANIC STANDART ва ISO 22000:2018 халқаро сифат сертификатларига эга.
Бугунги кунда хўжалик томонидан қуритилган органик помидор маҳсулотлари Италия ва Франция давлатига экспорт қилинмоқда.


Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Нукус тумани ҳокимлиги матбуот хизматлари ҳамкорлигида ўтказилган пресс-турнинг навбатдаги манзили тумандаги полиз маҳсулотлари (қовун, тарвуз) етиштирувчи фермер хўжаликлари бўлди.
«Qudekov Jadiger» МЧЖ Нукус туманида қовун ва тарвуз етиштириш бўйича илғор хўжаликлардан бири ҳисобланади. Бу йил мазкур хўжалик 10 гектар майдонда қовун ва тарвуз етиштириб, юқори ҳосилдорликка эришди. Туман фермерлари бозорда ўз маҳсулотлари билан биринчилардан бўлиб пайдо бўлди. Уларнинг меҳнати натижасида ҳосилнинг 100 тоннаси Қозоғистон Республикасига экспорт қилинди. Бу нафақат хўжаликнинг, балки бутун Қорақалпоғистоннинг иқтисодий ривожланишига қўшган ҳиссаси десак, муболаға бўлмайди.
Айни пайтда далаларда ҳосилни йиғиб олиш ишлари қизғин давом этмоқда.
Бу хўжалик фақат қовун ва тарвуз билан чекланиб қолмаган. Хўжаликнинг 13 гектар ерида олма ва нок, 7 гектарида узум кўчатлари парваришланмоқда. Бу мевалар ҳам ҳар йили Қозоғистон ва Россияга экспорт қилинади. Бу уларнинг маҳсулотлари сифатли эканини ва халқаро бозорда рақобатбардошлигини кўрсатади.


Пресс-тур давомида журналистлар «Qudekov Jadiger» МЧЖнинг муваффақият сирлари билан танишиб, қизиқтирган саволларига жавоб олди. Бундай тадбирлар қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, илғор тажрибаларни кенг оммалаштириш ва фермерларни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамиятга эга, албатта.
Пресс-тур иштирокчиларининг кейинги манзили тумандаги Дон ва шоли илмий ишлаб чиқариш бирлашмасининг далалари бўлиб, туманда амалга оширилаётган шолини томчилатиб суғориш бўйича инновацион лойиҳа билан танишди. Лойиҳа доирасида 5 гектар майдонда шолини томчилатиб суғориш технологияси Исроил ва Германия давлатларининг энг илғор технологиялари асосида тажриба сифатида синовдан ўтказилмоқда.
Ҳозирда лойиҳа ва ер майдони чизмалари ишлаб чиқилиб, суғориш ускуналари ўрнатилди ҳамда шоли экилиб, тажриба ишлари олиб борилмоқда. Дон ва шоли илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан ушбу лойиҳа орқали 5 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияси асосида шоли етиштириш тажрибаси ўтказилади. Лойиҳа натижасида сув тежовчи технологиялар асосида шоли етиштириш бўйича ишланмалар ишлаб чиқилади ва келгусида тажриба майдонларини кенгайтириш режалаштирилган.

Ушбу лойиҳа Қорақалпоғистонда сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга, шоли етиштиришда янги технологияларни жорий этишга ва аграр соҳани ривожлантиришга хизмат қилади.
Пресс-турнинг навбатдаги манзили «Тақиркўл» қишлоғида жойлашган «Диана Мардана» фермер хўжалиги бўлди.
2005 йилда Амангул Алламбергенова томонидан ташкил этилган мазкур хўжаликнинг 10 гектарида боғлар, буғдой ва полиз экинлари етиштирилади. Пиллакорларга кўмаклашиш мақсадида 3 гектар тутзор ташкил этилган. Қовун маҳсулотлари Қозоғистонга экспорт қилинади. Шунингдек, А.Алламбергенова 30 қути асалари боқади ва 15 кишини доимий, мавсумда эса 10-15 кишини қўшимча иш билан таъминлайди.


Тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.