Корхонанинг жаҳон бозорларига чиқишига ёрдам кўрсатилмоқда

162

 

Мамлакатимизда ҳамкорликда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш истагини билдирган хорижий инвесторлар учун қулай инвестициявий муҳит яратилган бўлиб, Қораўзак туманида ҳам хорижий инвесторлар иштирокида йилига 350 тонна тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш қувватига эга йирик лойиҳа фаолият юритмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси масъуллари ушбу корхонада бўлиб, ишлаб чиқарилган маҳсулотларни экспортга йўналтириш бўйича қонунчилик талабларини тушунтириб, йўл-йўриқ берди ҳамда келгусида хориждан олиб келинган хомашёни қайта ишлаб, реэкспорт қилишда «Божхона ҳудудида қайта ишлаш» божхона режими афзалликлари тушунтирилди.

Айни пайтда бу ерда 215 нафар маҳаллий хотин-қиз доимий иш ўрни билан таъминланган бўлиб, лойиҳанинг тўлиқ қувватда ишга туширилиши билан умумий ҳисобда 400 иш ўрни яратилади.

Ушбу 1,5 гектар майдонда барпо этилган корхона Хитой, Туркия ва Германия давлатидан келтирилган халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий юқори технологик ускуналар билан жиҳозланган. Ўтган йиллар давомида 480 минг АҚШ долларига тенг бўлган жами 243 дона «Текстиль асбоб-ускуналари» учун Солиқ ва Божхона кодексларига асосан жами 705 млн. сўмлик божхона тўловларидан имтиёз қўлланилган.

Йилига 2 миллион дона трикотаж маҳсулотлари – кийим-кечаклар ишлаб чиқариш қувватига эга корхона томонидан жаҳон бозорларига футболка маҳсулотини экспорт қилиш бўйича келишувлар олиб борилмоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.