Эркиндарёлик болалар янги боғчада тарбияланмоқда

109

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2023 йил 30 мартдаги Қорақалпоғистонга ташрифи давомида, халқимизни қийнаб келаётган муаммоларни ижобий ҳал этиб бериш бўйича тегишли соҳа раҳбарларига топшириқлар берилган эди.  Жумладан, республикамизнинг 9 та туманида мактабгача таълим ташкилотларини янгидан қуриш белгиланди.

Улар орасида Бўзатов тумани Эркиндарё овул фуқаролар йиғини марказида жойлашган 5-сонли мактабгача таълим ташкилоти бор эди.

– Ташкилотимиз илгари болалар боғчасига мослаштирилган бинода жойлашган эди, – дейди 5-мактабгача таълим ташкилоти директори Насиба Исмоилова. Ҳурматли Президентимизнинг юртимизнинг эртанги келажаги бўлган ёшларга қаратаётган эътибори ва оталарча ғамхўрлиги туфайли қишлоғимиз марказидан икки қаватдан иборат, барча қулай шароитларга эга янги бино қуриб берилиб, жамоамиз билан биргаликда унга 2025 йилнинг январь ойида кўчиб ўтдик. Айни пайтда педагог-ходимларимиз ўзларига яратилган кенг имкониятлардан самарали фойдаланиб, 115 нафар болага белгиланган талабларга мос тарбия бермоқда. Халқимизга қилаётган яхшиликлари учун давлатимиз Президенти ва туман раҳбарларига чуқур миннатдорлик билдирамиз.

Ҳақиқатдан ҳам, илгари 60 нафар бола таълим-тарбия олган ушбу болалар боғчаси янги бинога кўчиб ўтгач, бу ерда тарбияланувчилар сони кўпайиб, улар 115 нафарга етди.

Боғчада махсус педагог-тарбиячилар томонидан болаларга жисмоний тарбия, инглиз тили, расм чизиш, ёзув дарслари ўтилиб, улар мактабларда ўқиши учун тайёрланмоқда.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.