Болаларнинг ёзги дам олиши мазмунли ўтмоқда

240

Ўсиб келаётган ёш авлодни комил инсон этиб тарбиялаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишини таъминлаш, ўқувчиларнинг робототехника, мехатроника, муҳандислик, ментал арифметика, бадиий санъат, арт дизайн, ахборот технологиялари бўйича Java, Scratch, 3D дизайн йўналишларига бўлган қизиқишини оширишда ҳудудларда иш олиб бораётган Баркамол авлод болалар мактабларининг тутган ўрни ва бажараётган хизмати алоҳида.

Шундай мактабларда ишловчи педагог-ходимларнинг болаларимизнинг ёзги дам олиш вақтларини мазмунли ўтказишга қўшиб отаётган улушини фахр билан айтиб ўтсак бўлади.

Бўзатов туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли Баркамол авлод болалар мактаби ҳам шундай таълим масканларидан биридир.

2020 йилда очилган ушбу мактабда ҳозирги вақтлари 20 та тўгарак бўлиб, уларга 500 дан ортиқ ўқувчилар қамраб олинган.

– Ўқувчиларимиз тикувчилик, касаначилик, экодизайн ва интерьер, флористика ва фауна, кимё, инглиз тили, мантиқ ва ўйинли математика, шахмат-шашка, стол тенниси, волейбол, қўғирчоқ театри, мунчоқли безак, компьютер графикаси ва дизайн, робототехника ва конструкторлик тўгаракларида қатнашиб, ўзларининг билим ва санъатларини оширмоқда, – дейди мактаб директори ўринбосари Зухратдин Сарсенбаев.

Муҳим томони шундаки, бу мактабда 100 дан ортиқ кам таъминланган хонадонларнинг болалари ўзлари қизиққан фан, спорт ва санъат тўгараклари бўйича дарсларга қатнашиб, устозларидан замон талабига мос таълим олмоқда.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон хабар агентлиги шарҳловчиси.