Аҳолининг ҳуқуқий маданияти оширилмоқда

147

Жиноят ишлари бўйича Амударё туман судининг тергов судьяси Д.Юсупова томонидан тумандаги «Гулзор» маҳалла фуқаролар йиғини биносида ҳудуд аҳолиси иштирокида учрашув ва сайёр суд мажлиси ташкил этилди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонининг аҳамиятини тушунтиришга бағишланди.

Учрашувда тергов судьяси Д.Юсупова томонидан фуқароларга «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуннинг аҳамияти, мақсад ва вазифалари ҳақида кенг маълумотлар берилди. Таъкидланганидек, мазкур Қонун коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган.

Тадбир давомида коррупцияга қарши курашишнинг асосий тамойиллари – қонунийлик, фуқаролар ҳуқуқларининг устуворлиги, шаффофлик, давлат ва жамият ҳамкорлиги, профилактик тадбирларнинг самарадорлиги, масъулиятнинг мавжудлиги каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, ўтказилган тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси (майда безорилик) бўйича 9 нафар шахсга нисбатан иш кўриб чиқилиб, улардан 5 нафарига маъмурий қамоқ, 4 нафарига маъмурий жарима жазоси тайинланди.

Шу билан бир қаторда, 59-2-моддаси 2-қисми (оилавий зўравонлик), 41-моддаси (ҳақорат) ва 52-моддаси 2-қисми (енгил тан жароҳати етказиш) бўйича ҳам иш материаллари кўриб чиқилиб, қонуний жазолар тайинланди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги