Эски Андижон қишлоғидаги мактаб кенгайтирилмоқда

Бўзатов тумани марказида жойлашган 2-сонли умумий ўрта таълим мактаби шаҳарчадаги дастлабки ўқув даргоҳларидан бири бўлиб, бу мактабда юртимизга машҳур олим ва ёзувчи Камол Мамбетов, филология фанлари доктори, профессор Шамшетдин Абдиназимов ва бошқа таниқли инсонлар таълим олган.
Энг аввало бу ерда туман ташкил этилмасдан олдин «Андижон овул» деган аҳоли бўлиб, ҳудудда асосан чорвачилик билан шуғулланувчи хўжаликлар яшаб, ҳаёт кечирган.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ёшлар таълим-тарбиясига қаратилаётган алоҳида эътибор натижасида, ушбу таълим маскани ҳам замонавий тус олиб, болаларнинг замон талабига мос ўқиб билим олиши учун кўплаб қулайликларга эга бўлди. Хусусан, 2009 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус қарори асосида, давлат дастури бўйича мактабнинг эски биноси бузилиб, унинг ўрнига 180 ўринли янги мактаб ва спорт зали қуриб берилди.

Бироқ, ҳудудда аҳоли сонининг ўсиши билан мактабда ўқувчилар сони ортиб, ўқув даргоҳида дарслар икки маҳал ўтиладиган эди.
– Халқимизнинг мамлакатимиз раҳбарларига қилган мурожаатлари инобатга олиниб, Президентимизнинг махсус қарори билан жорий йилда мактабга 96 ўқувчига мўлжалланган янги ўқув биноси қуриб берилмоқда, – дейди мазкур мактаб директори Сансизбой Сейтмуратов.
– Қурилиш ишларини 24 июнь куни бошладик, – дейди «Хўжа строй» масъулияти чекланган жамияти раиси Жумамурат Ходжаев. – Мактаб қурилиши учун махсус лойиҳа асосида 561 миллион сўм маблағ ажратилиб, айни кунларда пойдевор қўйиш ишлари олиб борилмоқда. Насиб этса, қурилиш ишларини янги ўқув йилига қадар якунлаб, халқ фаровонлиги учун фойдаланишга топширамиз.

Дарҳақиқат, айни кунларда ҳудуд аҳолисининг қувончига сабаб бўлган мактаб қурилиши ишлари қизғин давом этмоқда. Бу ишларга махсус техника, механизм ва усталар бириктирилган, улар вақт билан ҳисоблашмасдан ишламоқда.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.