Мўйноқнинг кечаги ва бугунги манзаралари (+видео)

165

Марказий Осиёнинг ўтган асрдаги энг фожеали ҳодисаси Орол денгизининг қуриши ва унинг оқибатида минтақада юзага келган экологик вазият бутун инсоният бошига катта ташвиш келтирди. Бу мавзуда жаҳон ва юртимиз жамоатчилиги бонг урди, олий даражадаги минбарлардан кўп бора айтилди.

Бугунги кунда ҳам ушбу мавзу долзарблигича қолаётгани учун доимо кенг жамоатчикнинг муҳокамалари марказида. Ушбу муаммога яна бир бор эътиборни қаратиш мақсадида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ташаббуси билан Тошкент фотосуратлар уйида “Мўйноқ: кеча, бугун, эртага” деб номланган кўргазма ташкил этилди. Унда Мўйноқнинг тарихи, денгиз порти бўлган даврдан то бугунги кунгача қамраб олинган ислоҳотлари ноёб фотосуратларда акс этган. Ушбу экспозиция орқали томошабинлар ўтган асрнинг экологик фожеасини яқиндан ҳис этади, инсоннинг табиатга таъсири туфайли юзага келадиган оқибатларни яқиндан кўра олади.

Архив фотосуратларда Мўйноқнинг ривожланган даври акс этган: Орол денгизи сувларининг тиниқ ранглари, жилоси, кенглиги, балиқчиларнинг бахтли чеҳраси, ишлаётган заводлар, хуллас денгиз бўйидаги жўшқин ҳаёт ўз ифодасини топди. Замонавий фотосуратларда эса бугунги Мўйноқ қад кўтаради: баланд иморатлар, ўзгарган табиат манзаралари, қумлар орасида қолган кемалар, шу ерликларнинг ҳаёти ва фаолияти. Энди бу расмларда хурсандчилик ўрнини ғамгинлик, жўшқинлик ўрнини сокинлик эгаллаган.

Кейинги қаторлардаги фотосуратларда сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бошланган Оролбўйини тиклаш ишлари доирасида қилинган ислоҳотлар, бунёдкорликлар, халқнинг турмуш фаровонлиги ўзгаргани, йигит-қизларнинг интилишлари ва қувноқ чеҳралари рангли тасвирларда муҳрланган.

“Ўзархив” агентлиги, Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлар Миллий архиви томонидан тақдим этилган ушбу ноёб фотосуратларнинг барчаси чуқур маънога эга ва уларни диққат билан кузатар экансиз Мўйноқ фақатгина Орол денгизи қуришининг оғир оқибатларидан жабр чеккан ҳудуд сифатида эмас, балки аллақачон ўзгаришлар юз бераётган, келажакка дадил қадам қўйган, барқарор ривожланиш сари юз тутган ва орзу-умидлар маконига айлана бошлаган минтақа сифатида кўз олдингизда намоён бўлади.

Санжар Тошпўлатов, Нишонбой Абдувойитов, ЎзА