Олти ойда 31 минг 303 та ер участкаси ва кўчмас мулкка кадастр паспорти тайёрланган

Қорақалпоғистон Республикасида 2025 йилнинг ўтган 6 ойи давомида Давлат кадастрлари палатаси бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий филиаллари томонидан 31 минг 303 та ер участкаси ва кўчмас мулкка кадастр паспорти тайёрлаб берилган. Бу ҳақда Давлат кадастрлар палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси хабар берди.
Қўшимча қилинишича, Қорақалпоғистондаги 49 минг 443 ер участкаси ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилган.

Шунингдек, ҳозирги вақтда Қорақалпоғистон Республикасида жами 476 минг 165 та кадастр ҳужжатлари архивларда сақланмоқда. Шундан, 474 минг 152 та ҳужжат электрон форматга ўтказилди.
– 2025 йилда Тўрткўл, Беруний, Элликқалъа туманларида замонавий мобил стеллажлар ўрнатилиб, Нукус шаҳри, Мўйноқ, Қўнғирот, Элликқалъа туманларида архив кадастр ҳужжатларини рақамлар бўйича қайта тартиблаш ишларини амалга ошириш режалаштирилмоқда, – дейди Давлат кадастрлари палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бош мутахассиси Парахат Ажимуратов.

Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни тан олиш тўғрисида»ги қонуни 2024 йил 8 ноябрда кучга кирди.
Ушбу қонунга мувофиқ, ҳуқуқларни тан олиш ишларини ҳудудлар, маҳаллалар кесимида босқичма-босқич хатловдан ўтказиш йўли билан амалга ошириш белгиланган. Хатлов ишларини ташкил этиш мақсадида Кадастр агентлиги томонидан «ETIROF» ахборот тизими ишлаб чиқилиб, хатлов ўтказиладиган ҳудудлар, маҳаллаларнинг режа-жадвали тасдиқланди ва эълон қилинди.

Хатлов йўли билан аниқланган бино ва иншоотлар тўғрисидаги маълумотлар «ETIROF» дастурига киритилади ва ҳар бир кўчмас мулк объекти бўйича тегишли вазирлик ва идоралардан тузилган ишчи гуруҳ хулосаларини беради ҳамда юқоридаги бинолар 2018 йил 1 май ҳолатига кўра қурилган ёки қурилмаганлиги бўйича космик суратлар ёрдамида таҳлил қилинади.
Ушбу қонун асосида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг махсус қарори билан Чимбой, Кегейли, Тахтакўпир, Қораўзак ва Амударё туманларидаги ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойлар ҳамда ортиқча эгалланган ер майдонларида қурилган қурилиш ва иншоотларга қараб, 24 нафар фуқаронинг уй-жой ва ер участкаларига ижара ва мулк ҳуқуқлари тан олинди.

Айни пайтда бу борадаги ишлар давом эттирилиб, кадастр мутахассислари томонидан Қорақалпоғистон Республикасида 36 минг 814 кўчмас мулк иншооти хатловдан ўтказилиб, 12 566 объект «ETIROF» ахборот тизимига киритилди.
918 та объект ҳақидаги маълумотлар kadastr.uz сайтида ва маҳалла фуқаролар йиғинлари биноларида эълон қилинди. Шунингдек, 10 минг 466 та объект ҳозирда муҳокамада, 609 та объект эса Адлия органлари томонидан ўрганилмоқда, 179 та кўчмас мулк қайта кўриб чиқилмоқда, 173 та объект эгаларининг қонунда кўрсатилган бир марталик тўловларини тўлаши кутилмоқда ва 179 та кўчмас мулк бўйича ҳуқуқларини тан олиш учун маҳаллий кенгашларга муҳокамага киритилган.

Маълумот учун, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик ишларини амалга ошириш учун жами 2754 та ер участкаси дастурга киритилган. Шундан, 408 ер майдони 29,97 гектар ер участкаси сотувга қўйилиб, 90 ер участкаси реализация қилинган.
Якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун ер участкаларидан жами 417 та ер участкаси дастурга киритилган. Шундан 45 таси аукционда сотувга қўйилган, 28 та ер участкаси реализация қилинган.

А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.