Сенат: Янги қонун молиявий фирибгарликларнинг олдини олишга қаратилган

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан тўлов хизматлари бозорида хавфсизликни таъминлаш масалаларига ойдинлик киритилмоқда.
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси мажлисида мазкур қонун кўриб чиқилди. Ушбу қонун молиявий фирибгарликларнинг олдини олишга, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштиришга, шунингдек, истеъмолчилар ҳуқуқларини самарали ҳимоялашга хизмат қилиши таъкидланди.
Бундан ташқари, сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди.

Бу қонун жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлашга ва коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этишга хизмат қилиши қайд этилди.
Мажлисда “Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисида”ги қонун ҳам муҳокама қилинди. Амалдаги нормаларни тизимлаштириш ва бирхиллаштириш ҳамда ижобий хорижий тажрибадан келиб чиқиб, уларни тўлдириш зарурати юзага келаётгани айтиб ўтилди. Ушбу қонун ана шундай бўшлиқларни бартараф этишга қаратилган.
Муҳокама жараёнида сенаторлар ушбу қонунлар келгусида тўлов хизматлари бозорида хавфсизликни таъминлашига ҳуқуқий асос яратишига урғу берди. Шунингдек, мазкур ҳужжатлар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ва коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этишга қаратилгани алоҳида қайд этилди.
Муҳокама якунида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА